“Al Diplomacy”: Бўлажак Сеул саммити Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлигида янги саҳифа очади
Сентябрь 04, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 69
ҚОҲИРА, 4 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мисрнинг нуфузли “Al Diplomacy” нашрида Сеул шаҳрида бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё – Жанубий Корея” форматидаги биринчи тарихий саммит ва Ўзбекистон Президентининг ушбу мамлакатга кутилаётган ташрифи ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда таъкидланишича, бўлажак Сеул саммити минтақавий ҳамкорликни назарий муҳокамалардан аниқ иқтисодий ва саноат майдонига кўчирадиган муҳим тарихий босқичдир.
Ушбу нуфузли анжуман Ўзбекистон Президентининг Жанубий Кореяга кутилаётган расмий ташрифи билан бир вақтга тўғри келаётгани икки мамлакат ўртасидаги махсус стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда технологик ва инвестициявий интеграцияни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Мақолада томонлар ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг асосий йўналишлари атрофлича таҳлил қилинган. Хусусан, устувор лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида саноат вазирларининг мунтазам маслаҳатлашув механизмини йўлга қўйиш орқали саноат мулоқотини институционаллаштириш назарда тутилмоқда.
Иқтисодий шериклик мустаҳкам пойдевор асосида ривожланмоқда. Жанубий Кореянинг Ўзбекистонга киритган тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажми 8 миллиард доллардан ошган бўлса, 2026 йилнинг биринчи ярмида ўзаро савдо айланмаси 11,5 фоизга ўсиб, қарийб 1 миллиард долларга етди.
Шунингдек, инсон капиталини ривожлантириш йўналишида ҳам KOICA агентлиги билан биргаликда Тошкент, Фарғона, Шаҳрисабз, Самарқанд ва Урганч шаҳарларида профессионал техник кадрларни тайёрлаш тизими фаол кенгайтирилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси