Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати Покистонда расмий қабул маросими ўтказилди

Сентябрь 04, 2026. 12:30 • 4 дақ

79
Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати Покистонда расмий қабул маросими ўтказилди
Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати Покистонда расмий қабул маросими ўтказилди
Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати Покистонда расмий қабул маросими ўтказилди

ИСЛОМОБОД, 4 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Исломобод шаҳридаги “Mövenpick” меҳмонхонасида расмий қабул маросими ўтказилди, деб ҳабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Покистон ҳукумати номидан асосий меҳмон сифатида энергетика вазири Сардар Авайс Хан Легари иштирок этди. Шунингдек, маросимга Покистон Президентининг ахборот масалалари бўйича маслаҳатчиси Муртаза Соланги, Бош вазирнинг туризм бўйича маслаҳатчиси Сардар Ясир Ильяс Хан ҳамда саноат бўйича координатори Рана Эҳсон Афзал Хан ва ташқи ишлар вазири ўринбосари Ҳамид Асгар Хан ташриф буюрди.

Бундан ташқари, Покистон Сенати ва Қуйи палатаси аъзолари, ҳукумат вакиллари, Қуролли кучлар, элчилар ҳамда дипломатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари, академик муассасалар, эксперт-таҳлил, ишбилармон доира ва маҳаллий ОАВ вакиллари, мезбон мамлакатда бўлиб турган ватандошларимиз иштирок этди.

Тадбир аввалида Покистон Қуролли кучлари ҳарбий оркестри ижросида икки давлат мадҳиялари янгради.

Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев ўз қутлов нутқида давлат мустақиллигининг тарихий аҳамиятига тўхталиб, унинг илдизлари халқимизнинг уч минг йиллик давлатчилик анъаналари ва бой цивилизацион меросига бориб тақалишини таъкидлади. Мустақиллик йилларида, айниқса, сўнгги ўн йил давомида Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда кенг кўламли ва ортга қайтмас ислоҳотлар амалга оширилиб, инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатлари ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлаш давлат сиёсатининг бош мезонига айлангани қайд этилди.

“Ўзбекистоннинг дунёга кенг очилгани, Марказий Осиёда дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшаётгани, иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва инвестиция соҳаларида эришилган натижалар мамлакат тараққиётини янги босқичга олиб чиқди”, – деди Ўзбекистон элчиси.

Шунингдек, икки давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси ва ўзаро ишончга асосланган муносабатлари туфайли Ўзбекистон-Покистон ҳамкорлиги стратегик шерикликнинг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани қайд этилди. Олий даражадаги ташрифлар, парламентлараро ва ҳудудлараро алоқалар, савдо-инвестициявий ҳамкорлик ҳамда тўғридан-тўғри авиақатновларнинг кенгайиши икки томонлама муносабатларнинг юксак суръатларда ривожланаётганини кўрсатаётгани таъкидланди.

Шунингдек ўқинг

Федерал вазир Сардар Авайс Хан Легари ўз нутқида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни, мамлакат ҳукумати ва халқини давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф номидан самимий муборакбод этди.

“Ўзбекистоннинг давлат қурилиши, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт ва аҳоли фаровонлигини ошириш борасида эришган ютуқларини Покистон томони юксак баҳолайди, мамлакатингизга тинчлик, барқарорлик ва янада равнақ тилаймиз. Покистон Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган давлатлардан бир ҳисобланади. Хусусан, 2027 йил май ойида икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллигини нишонлашга катта тайёрларлик кўряпмиз,- деди энергетика вазири Сардар Авайс Хан Легари.

Тадбирда сўзга чиққанлар, Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар асрлар давомида шаклланган тарихий ва маданий муштаракликка, ўзаро ҳурмат ва умумий манфаатларга асосланганини таъкидладилар. Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг 2025 йил февраль ойида Ўзбекистонга ҳамда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил февраль ойида Покистонга амалга оширган ташрифлари икки томонлама ҳамкорликка янги суръат бағишлагани билдирилди.

Қабул маросимида иштирок этган Покистоннинг сиёсий ва жамоат арбоблари ҳам Ўзбекистон Президенти ва халқини Мустақиллик байрами билан самимий табриклаб, Янги Ўзбекистон стратегиясида белгиланган устувор мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқаришда муваффақиятлар тиладилар.

Тадбир доирасида мамлакатимизнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаёти, шунингдек, ташқи сиёсий фаолиятида эришилаётган ютуқлар ҳамда Ўзбекистон-Покистон муносабатларининг ривожланиш босқичларига бағишланган фотокўргазма ташкил этилди. Меҳмонлар эътиборига миллий ҳунармандчилик буюмлари, ўзбек миллий либослари ва чолғу асбоблари намойиш этилди.

Байрам тадбири Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Марказий ашула ва рақс ансамбли санъаткорлари томонидан ижро этилган миллий куй-қўшиқлар ва рақслардан иборат концерт дастури билан давом этди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш