Самарқандда болалар фаровонлигига бағишланган Бутунжаҳон саммити бўлиб ўтади

Сентябрь 04, 2026. 13:00 • 2 дақ

54
Самарқандда болалар фаровонлигига бағишланган Бутунжаҳон саммити бўлиб ўтади

САМАРҚАНД, 4 сентябрь. /“Дунё” АА/. Жорий йил 21–22 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Болалар фаровонлигига сармоя киритиш: келажак авлод учун барқарор ва адолатли ривожланиш сари” номли Бутунжаҳон саммити бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур йирик тадбирда сиёсий экспертлар, вазирлар, халқаро ташкилотлар, бизнес, фуқаролик жамияти, академик доиралар аъзолари, болалар ва ўсмирлар – жами 100 дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирок этади.

Бугунги кунда болалар глобал таҳдидлар — қуролли можаролар, иқлим ўзгариши, иқтисодий беқарорлик ва кучайиб бораётган тенгсизлик оқибатларини бошдан кечирмоқда.

Муҳокамалар жараёнида болалар манфаатлари ва фаровонлигига қаратилган ижтимоий ҳимоя, ёшларни ҳимоя қилиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳамёнбоп ва барқарор соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, онкологик касалликларга қарши курашиш каби масалалар бўйича фикр-мулоҳазалар алмашилади.

Шунингдек, саммит доирасида II Халқаро болалар онкологияси конгресси ҳам бўлиб ўтади.

Саммитда болалар фаровонлигига сармоя киритиш бўйича Самарқанд декларациясини қабул қилиш кўзда тутилган. Бу ҳужжат аниқ ҳаракатларга ундаш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга даъват бўлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш