“The Times Union”: Ўзбекистон Конституциясида ННТнинг қонуний манфаатлари кафолатланган

Ноябрь 29, 2026. 16:00 • 2 дақ

• 94
“The Times Union”: Ўзбекистон Конституциясида ННТнинг қонуний манфаатлари кафолатланган

ТОШКЕНТ, 29 ноябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The Times Union” нашрида Ўзбекистон адлия вазири Акбар Ташқуловнинг мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Муаллиф мақолада Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) фаолиятини амалга ошириш учун яратилган қулай шароитлар ва ҳуқуқий кафолатлар хусусида сўз юритган.

Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳририда давлат ННТларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаши, уларнинг жамият ҳаётида иштирок этиши учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиши белгиланган. Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ННТлар фаолиятига аралашиши тақиқланган.

Маълум қилинишича, ННТ тўғрисидаги қонунга мувофиқ, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам Ўзбекистон фуқаролари билан тенг равишда ННТларнинг муассислари ёки аъзолари бўлиши мумкин.

Қонунчилик доирасида ННТлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириши, халқаро алоқаларни йўлга қўйиш имконига эга.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, ННТлар ўз уставида белгиланган мақсадларга мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, даромад олиши ва ушбу даромадни ўз мақсадларини амалга оширишга йўналтириши мумкин.

Ижтимоий лойиҳалар давлат томонидан ҳам қўллаб-қувватланади. Ўзбекистон Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ННТларга давлат грантлари ва ижтимоий буюртмалар ажратиш орқали кўмаклашади.

Хорижий маблағларни қабул қилиш тартиб-таомиллари ҳам соддалаштирилган. Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2023 йилда киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, адлия органларининг розилигисиз қабул қилиниши мумкин бўлган пул маблағлари ва мол-мулк миқдорининг чегараси БҲМнинг 20 бараваридан 100 бараваригача оширилди. Бундай ҳолларда маблағлар қабул қилинишидан олдин белгиланган тартиб ва муддатларга мувофиқ хабарнома тақдим этишнинг ўзи етарли ҳисобланади.

Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар ёки уларнинг ихтисослашган муассасаларидан бевосита олинадиган маблағлар учун розилик талаб этилмайди.

Мақола якунида ушбу имкониятларнинг амалий аҳамияти улардан жамият манфаатлари йўлида самарали фойдаланишда намоён бўлиши қайд этилган. Ўзбекистон ННТларининг маҳаллий тажрибасини хорижий ҳамкорларнинг билим ва ресурслари билан бирлаштириш ижтимоий хизматларни ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилиши таъкидланган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш