Марко Рубионинг Ўзбекистонга ташрифи АҚШ ва Канада ОАВлари нигоҳида

Октябрь 23, 2026. 14:00 • 3 дақ

• 101
Марко Рубионинг Ўзбекистонга ташрифи АҚШ ва Канада ОАВлари нигоҳида
Марко Рубионинг Ўзбекистонга ташрифи АҚШ ва Канада ОАВлари нигоҳида
Марко Рубионинг Ўзбекистонга ташрифи АҚШ ва Канада ОАВлари нигоҳида

ВАШИНГТОН, 23 октябрь. /“Дунё” АА/. Америка ва Канаданинг қатор ОАВлари ҳамда таҳлил марказлари томонидан АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг Ўзбекистонга ташрифи бўйича турли мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Эълон қилинган материалларда инвестицияларни жалб қилиш, муҳим минерал ресурсларни ўзлаштириш, маҳаллий саноатни ривожлантириш, муқобил транспорт йўналишларини шакллантириш ва минтақавий давлатларнинг ташқи иқтисодий алоқаларини диверсификация қилиш масалаларига алоҳида урғу берилган.

Хусусан, АҚШнинг “Carnegie Endowment for International Peace” таҳлилий маркази томонидан чоп этилган мақолада АҚШнинг Марказий Осиё минтақасига нисбатан иқтисодий қизиқиши кучайиб бораётгани таъкидланган.

Муаллиф Женнифер Муртазашвилининг таъкидлашича, Марказий Осиё давлатлари учун Америка капитали, савдо алоқалари ва транзит инфратузилмасига инвестициялар жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Шу билан бирга, минтақадаги лойиҳаларни амалга оширишда шартномаларнинг ҳуқуқий кафолатланганлиги, инвестиция шартларининг очиқлиги ва бошқарув тизимининг шаффофлиги ҳал қилувчи омиллар саналади.

Канаданинг “Asia Times” таҳлилий нашрида “Рубионинг Марказий Осиё бўйича таклифлари фақат минерал ресурслар билан чекланмайди” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Муаллиф Сейма Афзал АҚШнинг минтақадаги иқтисодий фаоллигини хомашё етказиб беришни кенгайтиришдан кўра кенгроқ жараён сифатида баҳолайди.

Шунингдек ўқинг

Нашрда қайд этилишича, Марказий Осиё давлатлари Америка инвестицияларидан фойдаланиб, фақат хомашё экспорт қилувчи мамлакатлар мақомида қолиб кетмасдан, уни қайта ишлаш, юқори қўшилган қиймат яратиш, малакали иш ўринларини ташкил этиш ва миллий саноат салоҳиятини оширишга интилмоқда.

Мақолада Марказий Осиё давлатлари Россия, Хитой ва бошқа ҳамкорлар билан мавжуд иқтисодий алоқаларини сақлаган ҳолда янги шериклар билан ҳамкорликни кенгайтириш истагида экани ҳақида ҳам маълумот берилган.

Муаллиф Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантириш учун йирик молиявий ресурслар, божхона ва чегара тартиб-таомилларини такомиллаштириш ҳамда ишончли логистика хизматлари зарурлигини таъкидлаган.

Американинг “EIN Presswire” иқтисодий ахборот нашрида қайд этилишича, “PowerScape Global” компанияси Ўзбекистонда кўмирни энергияга айлантириш ва ўғит ишлаб чиқариш лойиҳаларини ривожлантириш бўйича Тошкент вилояти ҳокимлиги билан меморандум имзолаган.

Нашрда АҚШнинг энергетика технологияларига ихтисослашган мазкур компания ва Тошкент вилояти ҳокимлиги ўртасидаги келишув ҳақида маълумот берилган.

Ушбу меморандум Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ва “PowerScape Global” компанияси асосчиси ҳамда бош директори Карл Мур ўртасидаги учрашувда имзоланган. Нашр маълумотига кўра, ҳужжат Марко Рубионинг Марказий Осиёга ташрифи ва Самарқанддаги “C5+1” вазирлар учрашуви доирасида шаклланган иқтисодий ҳамкорлик муҳити билан боғлиқ.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш