“The Nation”: Самарқандда болалар фаровонлигига сармоя киритишга бағишланган Бутунжаҳон саммити бошланди
Октябрь 21, 2026. 21:30 • 2 дақ
• 110
ИСЛОМОБОД, 21 октябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The Nation” нашрида Самарқандда “Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли тараққиёт сари йўл” мавзусида Бутунжаҳон саммити бошлангани ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда ёзилишича, ушбу саммитда 100 дан ортиқ мамлакатдан 600 нафардан зиёд сиёсатчи, халқаро ташкилотлар вакиллари, мутахассислар ҳамда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритувчи экспертлар иштирок этмоқда.
Саммитда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг иштирокчиларга йўллаган мурожаатлари ўқиб эшиттирилди.
Мақолада таъкидланишича, форум кун тартибидан болалар қашшоқлигини камайтириш, мактабгача ва мактаб таълимини такомиллаштириш, тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш, болаларни зўравонлик ва эксплуатациядан ҳимоя қилиш масалалари ўрин олган.
Тадбир давомида болалар онкологияси мавзусига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Муаллифнинг таъкидлашича, бугунги кунда болаларга етарлича сармоя киритмаслик келажакда иқтисодий ва ижтимоий муаммоларнинг кучайишига олиб келиши мумкин.
Нуфузли йиғилишда Покистон номидан аутизм соҳасида фаолият юритувчи “Oasis Trust” ташкилоти асосчиси ва раҳбари Айша Харун қатнашмоқда. Тадбир доирасида хорижий делегациялар Ўзбекистондаги тиббиёт, таълим ва ижтимоий ҳимоя муассасалари фаолияти билан танишади.
Ушбу саммит Ўзбекистон учун амалга оширилаётган ижтимоий ислоҳотларни халқаро ҳамжамиятга намойиш этиш ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш имкониятидир. Форум якунида Болалар фаровонлигига сармоя киритиш тўғрисидаги Самарқанд декларацияси қабул қилинади.
Ушбу ҳужжат болаларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, асосий ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда болалар ривожланиши учун ажратиладиган ресурсларни кўпайтириш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларга асос бўлиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси