Самарқанддаги Бутунжаҳон саммити болалар ҳуқуқлари ва саломатлигини ҳимоя қилишда янги босқич бўлмоқда
Октябрь 22, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 123ҚОҲИРА, 22 октябрь. / “Дунё” АА/. Мисрнинг “Al-Yavm as-Sabi” (Youm7) нашрида Самарқандда бўлиб ўтаётган “Болалар фаровонлигига инвестиция: Келажак авлодлар барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл” мавзусидаги Бутунжаҳон саммитига бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрларда қайд этилишича, мазкур саммитда “Замин” фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева иштирок этиб, нутқ сўзлаган. Нуфузли анжуманда 100 дан ортиқ мамлакат, жумладан, Миср вакиллари ҳам иштирок этмоқда.
Тадбирда Миср номидан Болалик ва оналик масалалари бўйича миллий кенгаш раиси Саҳар ас-Синбати ҳам қатнашмоқда. Саммитда БМТ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро болалар онкологияси жамияти (SIOP) ва Европа тиббий онкология жамияти (ESO) вакиллари ҳам иштирок этмоқда. Унда асосий эътибор соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий ҳимоя ва болалар хавфсизлигига сармоя киритиш масалаларига қаратилган.
Мақолаларда Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Мансурбек Қиличев билан суҳбат ҳам эълон қилинган. Элчи Мисрнинг ушбу анжумандаги иштироки мамлакат раҳбариятининг болалик ва оилани ҳимоя қилишга бўлган эътиборини акс эттириши ҳамда болалар парвариши, ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш, таълим ва болалар онкологиясини даволаш соҳаларида тажриба алмашиш учун янги имкониятлар очишини таъкидлади.
Шунингдек, Ўзбекистон элчиси болаларда онкологик касалликларни эрта аниқлаш, инклюзив таълимни ривожлантириш ва болаларни ҳимоя қилиш бўйича мутахассисларни тайёрлашни ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида кўришини қайд этди.
Мансурбек Қиличевнинг фикрича, давлатлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни кенгайтириш ва тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида турли учрашувлар ташкил этилган. «Болалар фаровонлигига сармоя киритиш тўғрисида»ги Самарқанд декларациясининг қабул қилиниши саммитдан кутилаётган муҳим натижалардан биридир.
Дипломатнинг таъкидлашича, саммитга мезбонлик қилиш орқали Ўзбекистон болаларга йўналтирилаётган инвестиция инсон капитали, барқарорлик ва тинчлик учун киритилаётган стратегик сармоя эканини ифодаловчи тамойилни яна бир бор намоён этмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


