“Tehran Times”: Ислом цивилизацияси маркази – Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги маданий тимсоли
Октябрь 22, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 148
ТЕҲРОН, 22 октябрь. /“Дунё” АА/. Эроннинг “Tehran Times” нашрида Тошкентга ташриф буюрган эронлик журналистнинг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги таассуротларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Муаллифнинг таъкидлашича, Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистоннинг бой тарихи, илмий ютуқлари ва маданий меросини намоён этувчи йирик мажмуадир. Ушбу марказ нафақат мамлакат, балки бутун ислом оламининг цивилизацион меросини ўрганиш учун муҳим маскан ҳисобланади.
Марказнинг тўртта баланд пештоқи Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон ва бошқа тарихий шаҳарларига хос меъморий анъаналарни мужассам этган. Баландлиги 60 метрдан ошадиган марказий гумбаз остида кўргазма заллари, кутубхона, илмий-тадқиқот ва таълим майдонлари жойлашган.
Экспозициялар қадимги цивилизациялардан бошланиб, исломгача бўлган давр, VIII–XIII асрлардаги илмий юксалиш, Темурийлар даври ва замонавий Ўзбекистон тарихини қамраб олади.
Марказда Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Ал-Беруний ва Ал-Форобий каби жаҳон илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган мутафаккирларнинг ҳаёти ва фаолияти ёритилган.
Рақамли технологиялар, интерактив хариталар ва сунъий интеллект ёрдамида ташриф буюрувчилар тарихий шахслар, уларнинг кашфиётлари ҳамда Буюк Ипак йўли орқали кечган маданий алмашинувлар ҳақида маълумот олишлари мумкин.
Саёҳатчи журналистнинг қайд этишича, марказнинг энг муҳим экспонатларидан бири – VII асрга мансуб деб ҳисобланадиган, анъанавий равишда халифа Усмон ибн Аффон номи билан боғлиқ Усмон Қуръонидир.
Шунингдек, қадимги Бақтрияга оид топилмалар, Кушон даври ҳайкаллари, ислом илм-фанига оид қўлёзмалар, диний осори атиқалар ва Темурийлар даври миниатюралари намойиш этилган.
Марказнинг муҳим жиҳатларидан бири – Марказий Осиё ва Эрон ўртасидаги тарихий-маданий алоқаларни намоён этишидир. Айниқса, Эроннинг Шероз шаҳри билан боғлиқ форс миниатюралари, форс тилининг адабиёт ва бошқарувдаги ўрни, олимлар ва ҳунармандларнинг минтақалар ўртасидаги ҳаракати икки халқнинг муштарак цивилизацион меросини кўрсатади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси