Марко Рубио: АҚШ Марказий Осиёда кучли ҳамкор бўлишни истайди
Октябрь 20, 2026. 16:30 • 3 дақ
• 95ВАШИНГТОН, 20 октябрь. /“Дунё” АА/. Хорижий ОАВ АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг Самарқандга ташрифини Вашингтоннинг Марказий Осиёдаги иқтисодий иштирокини кенгайтиришга уриниш сифатида баҳоламоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Bloomberg” ахборот агентлиги маълумотларига кўра, ташриф давомида савдо, инвестиция ва технологиялар соҳасида 54 та битим имзолангани эълон қилинди. Ушбу битимлар тўлиқ амалга оширилгач, уларнинг умумий қиймати 12 миллиард долларга етиши мумкин.
Ташаббуслар орасида “GE Aerospace” компаниясининг “Uzbekistan Airways” билан ҳамкорлиги, ўзбек корхоналарининг халқаро капитал бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда тоғ-кон саноатидаги лойиҳалар ўрин олган.
“The Diplomat” нашрининг таъкидлашича, 300 га яқин Америка компаниясининг иштироки янги шартномалар учун имкониятлар очади. Бироқ ҳамкорликнинг барқарорлиги келишувларнинг амалга оширилиши ва узоқ муддатли инвестициялар оқимига боғлиқ бўлади. Минтақа учун нафақат савдо битимлари, балки ишлаб чиқариш қувватлари ва янги иш ўринларини яратиш ҳамда инфратузилмани ривожлантириш ҳам муҳимдир.
“Semafor”нинг ёзишича, Вашингтоннинг фаоллашуви, жумладан, ўта муҳим минераллар бўйича Хитой етказиб берувчиларига қарамликни камайтириш истаги билан ҳам боғлиқ. Ўзбекистоннинг бой табиий ресурслари ва Қозоғистоннинг уран саноати Марказий Осиёнинг АҚШ учун стратегик аҳамиятини оширмоқда.
Давлат котиби учрашув олдидан журналистлар билан суҳбатда: “АҚШ Марказий Осиёда кучли ҳамкор бўлишни истайди”, деб баёнот берди. “Сўнгги 20 йил ичида Марказий Осиёга сиёсатчиларимиз томонидан муносиб даражада эътибор қаратилмади. Аммо вазият ўзгармоқда. Айнан шунинг учун биз ҳозир шу ердамиз”, – деди у.
Шу билан бирга, “The Straits Times” ва “ABC News” нашрлари минтақа мамлакатларининг Россия, Хитой ва бошқа ҳамкорлар билан муносабатларни сақлаб қолишга интилишига эътибор қаратмоқда.
Марко Рубионинг АҚШ бошқа давлатлар билан ҳамкорликдан воз кечишни талаб қилмаган ҳолда рақобатлашишга тайёрлиги ҳақидаги баёноти Марказий Осиё мамлакатларининг кўп векторли ташқи сиёсатини сақлаб қолиб, Америка иштирокини кенгайтириш имкониятини акс эттиради.
Марко Рубио Россия ва Хитой билан иқтисодий рақобат ҳақидаги саволга жавоб берар экан, журналистларга шундай деди: “Қаранг, ахир бу рақобат-ку, тўғрими? Гап бошқа биров билан музокараларни ёки бошқа бир мамлакат билан ҳамкорликни тўхтатинг, дейиш ҳақида кетмаяпти. Масала бунда эмас. Гап дунёнинг барча бурчакларида Америка бизнеси ва савдоси учун эшиклар очилишини таъминлаш ҳақида бормоқда”.
“Вашингтон Россия, Хитой ва Эрон ўртасида жойлашган ҳамда катта табиий ресурсларга эга бўлган Марказий Осиёни АҚШнинг аввалги маъмуриятлари етарлича эътибор қаратмаган минтақа сифатида кўради”, – дея таъкидлади “The Epoch Times” нашри.
Хорижий нашрлар ташрифнинг аҳамиятини дипломатик алоқалардан амалий иқтисодий ҳамкорликка ўтиш билан боғламоқда. Унинг натижаларининг асосий кўрсаткичи эълон қилинган келишувларнинг рўёбга чиқарилиши бўлса, сув танқислиги ва иқлим хатарлари масалалари “The Diplomatic Watch” таъкидлаганидек, камроқ эътибор қаратилаётган минтақавий муаммолар қаторида қолмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси





