Америка коллежи Ўзбекистонда ўз кампусини очишни режалаштирмоқда

Октябрь 05, 2026. 12:30 • 2 дақ

• 98
Америка коллежи Ўзбекистонда ўз кампусини очишни режалаштирмоқда
Америка коллежи Ўзбекистонда ўз кампусини очишни режалаштирмоқда

СИЭТЛ, 5 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Сиэтл шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари ва АҚШнинг нуфузли “Green River College” раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Вашингтон штатининг Оберн шаҳрида ўтказилган музокараларда коллеж президенти вазифасини бажарувчи Жорж Фрейзер ҳамда халқаро дастурлар ва қўшимча таълим бўйича вице-президент Венди Стюарт иштирок этди.

Учрашувда Америка томонига Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли таълим ислоҳотлари, ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, амалий тайёргарликни кучайтириш ва хорижий олийгоҳлар билан ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Коллеж раҳбарияти ушбу ислоҳотларни юқори баҳолаб, ўзбекистонлик ҳамкорлар билан биргаликда ишлашга тайёрлигини билдирди.

Музокараларда “1+1+2” форматидаги таълим моделига алоҳида эътибор қаратилди. Таклиф этилаётган дастурга кўра, талаба дастлабки бир йилни Ўзбекистонда ташкил этилиши режалаштирилаётган кампусда, кейинги бир йилни эса “Green River College”нинг АҚШдаги асосий кампусида ўқиши, шундан сўнг икки йил давомида АҚШ университетида бакалавриатнинг 3–4-курсларида таҳсилни давом эттириши назарда тутилган.

Коллеж вакилларининг фикрича, қабул, ёш, тил ва академик талаблар бажарилганда, мазкур ёндашув 9-синф битирувчиларига мактаб таълимини коллеждаги ўқиш билан уйғунлаштириб, тўрт йил ичида тўлиқ ўрта таълимни якунлаш ва бакалавр даражасини қўлга киритиш имконини беради.

Учрашувда ахборот технологиялари, дастурий таъминот ишлаб чиқиш, киберхавфсизлик, бухгалтерия ва авиация йўналишларида қўшма дастурларни жорий этиш, талабалар ва ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Коллеж раҳбарияти мамлакатимиздаги манфаатдор таълим муассасалари билан бевосита мулоқот бошлашга тайёрлигини маълум қилди.

1945 йилда ташкил этилган “Green River College” турли таълим йўналишлари, жумладан, бошқа олий ўқув юртига ўтиш (transfer) дастурлари, касбий ва техник таълим, амалий бакалавриат даражалари ҳамда тайёрлов курсларини таклиф этади. Ҳозирда коллежда 15 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш