Асад Мажид Хон: Ўзбекистон ИҲТда амалга оширилган қатор муҳим ислоҳотлар меъмори саналади

Сентябрь 02, 2026. 12:02 • 4 дақ

45
Асад Мажид Хон: Ўзбекистон ИҲТда амалга оширилган қатор муҳим ислоҳотлар меъмори саналади

ТЕҲРОН, 2 сентябрь. /“Дунё” АА/. Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котиби Асад Мажид Хон “Дунё” ахборот агентлиги орқали Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан юртдошларимизга табрик ва эзгу тилакларини йўллади.

– Авваламбор, мустақилликнинг 35 йиллиги ҳамда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ўн йиллиги муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги бутун халқни самимий муборакбод этаман.

Биз ҳам ташкилотда ушбу муҳим сана ҳамда мамлакатингиз сўнгги ўн йил ичида босиб ўтган тараққиёт йўлини нишонладик. Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда амалга оширган ислоҳотларига назар ташлар эканмиз, кўплаб ютуқларни қайд этиш мумкин.

Бу, албатта, Ўзбекистоннинг ички тараққиёти ва мамлакатнинг сўнгги ўн йилликда амалга оширган кенг кўламли ислоҳотларидир. Ўйлайманки, натижаларнинг ўзи буни яққол кўрсатиб турибди: ялпи ички маҳсулотнинг олти фоиздан юқори ўсиши, кенг кўламли ва истиқболли лойиҳалар, солиқ соҳасидаги ўзгаришлар, валюта бозорининг эркинлаштирилиши – бу ютуқларнинг барчаси, шубҳасиз, эътиборга лойиқдир.

Иқтисодий кўрсаткичларни намоён этаётган, жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнини доимий равишда мустаҳкамлаб бораётган ташкилот аъзоси биз учун, табиийки, фахр ва ифтихор манбаидир.

Худди шу фикрни Ўзбекистон томонидан амалга оширилган ҳамда иқтисодий ва савдо эркинлашувига амалда йўл очиб берган ҳуқуқий ва конституциявий ислоҳотларга нисбатан ҳам айтган бўлардим.

Конституциявий ислоҳотлардан сўнг Ўзбекистонда бўлиб ўтган сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этиб, шуни айта оламанки, бу ўзгаришлар халқнинг янада кенгроқ иштирок этишига ҳамда мамлакатда юз бераётган жараёнларда жамоатчилик фаоллигининг мустаҳкамланишига хизмат қилди.

Ўзбекистоннинг минтақамизнинг бир қисми ва ташкилотимизнинг аъзоси сифатидаги ўрни катта. Ўйлайманки, бу борада ички ислоҳотлар Ўзбекистоннинг тинчлик ишига ҳисса қўшишига, тараққиёт тажрибаси билан алмашишига ҳамда нафақат ўз халқи, балки бутун минтақа фаровонлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларига яққол ёрдам берди ва кўмаклашди.

ИҲТнинг бош қароргоҳи жойлашган Теҳрондаги биз учун энг муҳими – Ўзбекистоннинг ташкилотимиздаги ўрнининг беқиёслиги ва фаол аъзолигидир. Айниқса, Президент Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон жуда фаол ҳисса қўшаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Шунингдек ўқинг

Президент Шавкат Мирзиёев сермаҳсул ғоялар муаллифларидан биридир. Шунингдек, у ИҲТда йиллар давомида амалга оширилган қатор таркибий ва институционал ислоҳотлар меъморидир.

Энг муҳими, биз ҳозир ишлаб чиқаётган ва якунлаш арафасида турган янги концепция Президент Шавкат Мирзиёевнинг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги стратегик ҳамкорликнинг янги мақсадларига оид таклифига асосланади.

Ўйлайманки, Ўзбекистон вазирлар даражасидаги учрашувларни мунтазам ва изчил ўтказиб, ИҲТнинг XVI саммити ҳамда Вазирлар кенгаши йиғилишларига мезбонлик қилиб, ўзининг фаол ҳиссасини қўшмоқда.

Бундан ташқари, айни пайтда бир қатор таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Бу ғояларнинг аксарияти муҳтарам Президент Жаноби Олийларидан чиқмоқда: Савдо, инвестициялар ва инновациялар марказини ташкил этиш, ИҲТ “яшил йўлаклари”, ИҲТ Ёшлар платформаси, инновацион ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда ИҲТнинг транспорт ва божхона хизматларини рақамлаштириш шулар жумласидандир.

Мен яқинда, июнь ойида ИҲТга аъзо давлатлар атроф-муҳит вазирларининг йиғилишида иштирок этиш учун Самарқандга ташриф буюрдим. Ушбу учрашувда чанг бўронлари ва чўлланишдан эрта огоҳлантириш бўйича минтақавий тизим яратиш таклифи илгари сурилди.

Бу ташаббус бутун минтақада кузатилаётган сув танқислигининг ортиши ва ерлар деградацияси муносабати билан биз дуч келаётган айрим экзистенсиал таҳдид ва муаммоларни ҳал этишга бутун минтақани жалб қилишга қаратилган.

Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида умумий ишларимиз ва фаолиятимизнинг фаол, самарали ва сермаҳсул иштирокчиси бўлиб келмоқда ва бунинг учун биз ундан жуда миннатдормиз.

Ўзбекистон ҳукумати ва халқини ислоҳотларнинг ўн йиллиги ҳамда мустақилликнинг 35 йиллиги билан яна бир бор табриклайман.

Ушбу ислоҳотлар жараёни давом этиши ҳамда Ўзбекистон халқининг барқарор ўсиши, яъни тараққиёт, тинчлик ва бутун дунё билан интеграциялашув йўлидан янада олдинга боришига ҳисса қўшишини тилаб қоламан.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш