“Associated Press of Pakistan” АА: Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази туркий дунёнинг энг яхши музейи деб эътироф этилди
Апрель 16, 2026. 19:11 • 2 дақ
• 55
ИСЛОМОБОД, 16 апрель. /“Дунё” АА/. Покистоннинг марказий “Associated Press of Pakistan” ахборот агентлиги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро миқёсдаги эътирофига бағишланган мақолани тарқатди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) ушбу Марказни расман “Туркий дунёнинг энг яхши музейи” деб эълон қилган. Бу муҳим воқеа ҳақида ташкилот Бош котиби Султон Раев Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган, Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро илмий конференция доирасида маълум қилган.
Нашрда қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қисқа муддатларда бунёд этилган марказ бугунги кунда нафақат ноёб меъморий иншоот, балки Шарқ ва Ғарб цивилизацияларини боғловчи рамзий кўприк сифатида ҳам баҳоланмоқда.
Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухалиқовнинг фикрича, мазкур мега-лойиҳа туркий макондаги энг йирик ташаббуслардан бирига айланган. Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон каби давлатларни бирлаштирган ТУРКСОЙ ташкилоти кўпинча “Туркий дунёнинг ЮНЕСКОси” деб аталади. Ушбу мамлакатларнинг музей фонди қарийб 1300 та объектни ўз ичига олишини ҳисобга олсак, Ўзбекистондаги марказнинг улар орасида энг яхши деб топилиши унинг чуқур анъаналар ва инновацион ечимларни ўзида мужассам этган ноёб маданий-илмий муассаса эканини ифодалайди.
Мақола якунида тадбирнинг халқаро иштирокчилари фикрлари келтирилган бўлиб, улар мазкур мукофот марказнинг юқори халқаро нуфузи ҳамда туркий халқлар маданий меросини сақлашдаги асосий ролининг ёрқин далили эканини эътироф этган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси