Logo

Афғонистон ва Ўзбекистон 520 миллион долларлик янги савдо шартномаларини имзолади

Апрель 13, 2026. 15:00 • 2 дақ

128
Афғонистон ва Ўзбекистон 520 миллион долларлик янги савдо шартномаларини имзолади

КОБУЛ, 13 апрель. /“Дунё” АА/. Афғонистоннинг етакчи “TOLOnews” ахборот агентлиги электрон нашрида икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг янги босқичига бағишланган таҳлилий мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрнинг маълум қилишича, Афғонистон Савдо ва инвестициялар палатаси томонидан ташкил этилган бизнес конференция доирасида умумий қиймати 520 миллион долларлик навбатдаги савдо шартномалари имзоланди. Палата раҳбари Саид Карим Ҳошимий сўнгги олти ой ичида икки мамлакат иқтисодий институтлари ўртасидаги ҳамкорлик мисли кўрилмаган даражада кенгайганини алоҳида қайд этди.

Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистон савдо делегацияларининг Афғонистонга тез-тез ташриф буюриши тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни фаоллаштирди. Ушбу жараёнлар натижасида қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, тоғ-кончилик, транспорт, логистика, қурилиш ва энергетика соҳаларида умумий қиймати 1,4 миллиард доллардан ортиқ бўлган келишувларга эришилган. Хусусан, «TOLOnews» маълумотларига кўра, фақат сўнгги икки ой ичида хусусий сектор вакиллари ўртасида 1,415 миллиард долларлик 100 дан ортиқ битимлар имзоланган.

Шунингдек ўқинг

Анжуман давомида Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов вилоят тадбиркорлари Афғонистонда цемент, электр кабеллари, фармацевтика ва пойабзал ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш ҳамда инвестиция киритишга тайёр эканликларини билдирди. Ўз навбатида, Афғонистон саноат ва савдо вазири Нуруддин Азизий ўзбек маҳсулотлари учун афғон бозори энг қулай майдон эканини таъкидлади.

Нашрнинг хулоса қилишича, Афғонистон Ўзбекистон билан ҳамкорлик орқали муқобил савдо ва транзит йўлакларини яратишга, шу йўл билан ташқи савдодаги қарамликни камайтиришга ҳаракат қилмоқда. Бу каби изчил иқтисодий мулоқотлар минтақавий барқарорлик ва ўзаро манфаатли қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш