Ўзбекистонлик таниқли диний уламо Жанубий Кореяда ватандошлар билан учрашди
Февраль 13, 2026. 11:45 • 1 дақ
• 123
СЕУЛ, 13 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистонлик таниқли диний уламо Одинахон Муҳаммад Юсуф Жанубий Кореяга ташриф буюриб, ватандошлар билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф давомида Сеул, Тэджон ва Кимхэ шаҳарларида турли учрашувлар ташкил этилди. Диний уламо ватандошларга ислом динининг асл моҳияти ва аҳамияти, ёшларнинг диний саводхонлигини ошириш масалаларида тўхталиб ўтди.
Мулоқот жараёнида миллий ўзликни сақлаш нафақат анъана, балки кундалик ҳаётда ўз аксини топиши керак бўлган онгли танлов экани таъкидланди. Хотин-қизларнинг илм олишга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш, мусулмон бўлмаган мамлакатда фарзандлар тарбияси, уларда миллий ўзликни англаш, хориждаги ҳаёт шароитида аёлларнинг руҳий мувозанатини сақлаш, психологик босимга қарши туриш ва ички мувозанатни таъминлаш масалалари долзарб экани қайд этилди.
Одинахон Муҳаммад Юсуф сўнгги йилларда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, фуқароларнинг эътиқод эркинлигини таъминлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди. Шу маънода, юртдошларимизга огоҳ бўлиш, ёт ғоялар, шунингдек, экстремистик диний ташкилотлар ва оқимлар таъсирига тушиб қолмаслик тавсия этилди.
Ватандошлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотларда Ўзбекистон раҳбарияти томонидан хориждаги фуқароларга кўрсатилаётган эътибор ва кўмак, бу борада амалга оширилаётган амалий чора-тадбирлар хусусида фикр алмашилди.
Тадбирлар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
