“Aviation.Direct”: “Uzbekistan Airways” трансформацияси компания қийматини қарийб 40 фоизга ошириши мумкин

Август 05, 2026. 13:00 • 2 дақ

39
“Aviation.Direct”: “Uzbekistan Airways” трансформацияси компания қийматини қарийб 40 фоизга ошириши мумкин

БЕРЛИН, 5 август. /“Дунё” АА/. Германиянинг авиация соҳасига ихтисослашган “Aviation.Direct” нашрида “Uzbekistan Airways” миллий авиакомпаниясида амалга оширилаётган трансформация жараёнларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда авиакомпания фаолиятини халқаро стандартларга мувофиқ янада такомиллаштириш ва корпоратив бошқарув тизимини мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Нашрнинг ёзишича, Американинг “Franklin Templeton” инвестиция компанияси томонидан ўтказилган таҳлил якунлари бўйича парвозлар жадвалини оптималлаштириш, ҳаво кемаларининг ерда тўхтаб туриш вақтини қисқартириш, рейс кечикишлари сонини камайтириш ҳамда бортдаги таомлар ва техник хизмат кўрсатиш соҳаларида рақобат муҳитини кучайтиришга қаратилган қатор тавсиялар ишлаб чиқилган.

“Franklin Templeton” бошқарувидаги Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) ҳисоб-китобларига кўра, белгиланган ислоҳотларнинг тўлиқ амалга оширилиши “Uzbekistan Airways”нинг бозор қийматини тахминан 1,6 миллиард доллардан 2,3 миллиард АҚШ долларигача ошириш имконини бериши, бу эса қарийб 40 фоизлик ўсишга мос келиши урғуланган.

Шунингдек ўқинг

Нашр маълумотларига кўра, компания капитал бозорига чиққанига қадар давлат харидлари тизимини соддалаштириш, ҳаво кемалари лизинги бўйича қарор қабул қилиш процедураларини тезлаштириш кўзда тилган.

Шу билан бирга, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини тўлиқ жорий этиш, компания таркибидан соҳага оид бўлмаган активларни чиқариш ҳамда ички ижтимоий аҳамиятга эга авиайўналишларни молиялаштиришнинг шаффоф механизмларини шакллантириш режалаштирилмоқда.

Нашрда ҳозирда “Uzbekistan Airways” парки 44 та ҳаво кемасидан иборат экани ва авиакомпания дунёнинг 27 мамлакатидаги 70 та йўналиш бўйича рейсларни амалга ошириши эслатиб ўтилган.

Мақола муаллифи Ян Грубернинг хулоса қилишича, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатни Марказий Осиёдаги асосий транзит авиация марказларидан бирига айлантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Ушбу вазифага эришишда “Uzbekistan Airways”, “Uzbekistan Airports” ва аэропорт инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари иштирокчилари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш алоҳида аҳамиятга эга.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш