Миср матбуоти: Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида маданий-гуманитар йўналишларда янги лойиҳа ва ташаббуслар амалга оширилмоқда

Август 05, 2026. 11:30 • 3 дақ

24
Миср матбуоти: Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида маданий-гуманитар йўналишларда янги лойиҳа ва ташаббуслар амалга оширилмоқда
Миср матбуоти: Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида маданий-гуманитар йўналишларда янги лойиҳа ва ташаббуслар амалга оширилмоқда

ҚОҲИРА, 5 август. /“Дунё” АА/. Мисрнинг “El Dameer” ва “Al-Khabar Al-Youm” ахборот агентликларида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ривожланишига бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрларда ёзилишича, маданият халқларни яқинлаштирадиган, давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлайдиган энг самарали воситалардан бири ҳисобланади. У ҳар бир миллатнинг тарихи, маънавий қиёфаси, қадриятлари ва ижодий салоҳиятини намоён этувчи муҳим омил сифатида халқаро муносабатларга янги мазмун бағишламоқда.

Ўзбекистоннинг очиқ ва амалий ташқи сиёсати натижасида мамлакатнинг халқаро маданий алоқалари сўнгги йилларда сезиларли даражада кенгайди. Маданий дипломатия давлат ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланиб, Ўзбекистоннинг жаҳон маданий маконидаги нуфузини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Муаллифлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги маданий ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлаб, бу йўналишдаги алоқалар маданият, таълим, академик алмашинув ва тарихий-маданий меросни асраш соҳаларини қамраб олганини қайд этадилар. Бу эса икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларининг муҳим таркибий қисмига айланган.

Материалларда 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги маданий алмашинув дастурлари янги босқичга кўтарилгани таъкидланган. Тошкентда америкалик дирижёрлар, мусиқачилар ва профессор-ўқитувчилар иштирокида ташкил этилган концертлар, маҳорат дарслари ҳамда таълим лойиҳалари икки мамлакат ижодкорлари ўртасидаги касбий мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилган.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, АҚШнинг “Gina Chavez” гуруҳи Самарқандда ўтказилган XI “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида иштирок этгани маданий алоқаларнинг муҳим воқеаларидан бири сифатида келтирилган. Америкалик санъаткорларнинг кейинчалик Ўзбекистондаги халқаро жаз фестивалларида қатнашиши икки томонлама маданий мулоқотнинг барқарор тус олганини кўрсатган.

Мақолаларда маданий ҳамкорлик бугунги кунда фақат концерт ва фестиваллар билан чекланиб қолмай, балки реставрация, миллий ҳунармандчилик, рақс, мақом санъати, кино, туризм ва креатив индустриялар каби кенг йўналишларни ҳам қамраб олаётгани таъкидланган.

Муаллифлар АҚШ томонининг Ўзбекистон маданий меросини асрашга қўшаётган ҳиссасини ҳам алоҳида қайд этганлар. Хусусан, 2019 йилда АҚШ ҳукумати томонидан Хивадаги Тошҳовли саройини реставрация қилиш учун ажратилган грант маданий мерос соҳасидаги амалий ҳамкорликнинг ёрқин намунаси сифатида келтирилган.

Нашрларда Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ маданият вазирларининг учрашуви ҳам муҳим қадам сифатида баҳоланган. Унда креатив индустриялар, рақамли маданий ташаббуслар, кино, театр, адабиёт ва мусиқа соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилингани қайд этилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш