Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди
Октябрь 08, 2026. 16:00 • 3 дақ
• 52БЕРЛИН, 8 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида Германия билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда уни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Германия Савдо-саноат палатаси (DIHK) Ташқи иқтисодий алоқалар қўмитаси мажлиси арафасида бўлиб ўтган тадбирда Германия ишбилармон доиралари вакиллари, DIHK аъзолари, иқтисодий соҳа экспертлари ва мутахассислар иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистон элчиси Дилшод Ахатов савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларнинг устувор аҳамиятга эга эканини таъкидлади. У мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, хусусий секторга кўрсатилаётган кўмак ҳамда хорижий инвесторлар ва тадбиркорлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида сўз юритди.
Технологиялар, саноат кооперацияси, машинасозлик, энергетика, рақамлаштириш, рақамли инновациялар ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳаларидаги ҳамкорлик имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирнинг асосий қисми элчи, DIHK Ташқи иқтисодий алоқалар қўмитаси раиси Петер Колитц ҳамда DIHK бошқаруви аъзоси, ташқи иқтисодий бўлим раҳбари Фолькер Трайер иштирокидаги панель муҳокамаси шаклида ўтди.
Иштирокчилар немис компанияларининг Ўзбекистон бозоридаги фаолиятини кенгайтириш, янги инвестиция лойиҳаларини йўлга қўйиш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Петер Колитц Германия бизнесининг Ўзбекистонга нисбатан қизиқиши ортиб бораётганини қайд этди.
“Мамлакат ялпи ички маҳсулоти бир неча йилдан бери 6 фоиздан юқори суръатларда ўсиб бораётгани диққатга сазовордир. Бу иқтисодиётнинг жадал ривожланаётганидан далолат беради”, – деди у.
Унинг сўзларига кўра, Германия томони Ўзбекистонда фаолият юритаётган компаниялар билан доимий мулоқот олиб бормоқда ва ушбу компаниялар мамлакатнинг иқтисодий ўсиши ҳамда янги имкониятлари ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишидан манфаатдор.
Шунингдек, Петер Колитц немис компаниялари учун янги бозорларни топиш, шериклик алоқаларини кенгайтириш ва фаолиятни диверсификация қилиш тобора муҳим аҳамият касб этаётгани, Ўзбекистон эса Европада ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида кўрилаётганини таъкидлади.
Фолькер Трайер эса Ўзбекистоннинг немис бизнеси учун афзалликлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
“Аҳолининг ёш ва салмоқли қисми, малакали кадрлар, бой табиий ресурслар ҳамда қулай географик жойлашув савдо, ишлаб чиқариш ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш учун катта имкониятлар яратмоқда”, – деди у.
Унинг фикрича, Германия компаниялари Ўзбекистонга инвестиция, технология, ноу-хау ва тизимли ечимларни таклиф этиши мумкин. Трайер мамлакатнинг Шарқий Осиёни Европа, жумладан, Германия билан боғлаш имконига эга бўлган Транскаспий транспорт йўналишидаги иштирокига алоҳида урғу берди.
У Каспий денгизи орқали мультимодал логистика, энергетика занжирлари, рақамлаштириш ва инфратузилма лойиҳаларини ривожлантириш истиқболларини қайд этди.
Фолькер Трайернинг таъкидлашича, Германия компаниялари Ўзбекистонда ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиши, хомашё ва оралиқ маҳсулотларни қайта ишлаб, тайёр товарларни ҳам ички бозорга, ҳам экспортга етказиб бериши мумкин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



