Австриялик ишбилармонлар билан ҳамкорлик бўйича қатор ҳужжатлар имзоланди
Декабрь 30, 2025. 17:23 • 2 дақ
• 50ВЕНА, 30 декабрь. /“Дунё” АА/. Австрия пойтахтида “Ўзбекистон – улкан имкониятга эга мамлакат” мавзусида Ўзбекистон–Австрия бизнес-форуми ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси ташаббуси билан Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги ва Австрия иқтисодий палатаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Австриянинг давлат идоралари, молия институтлари ва етакчи компаниялари, Наманган вилояти ҳокимлиги вакиллари иштирок этди.
Бизнес-форумнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Австрия иқтисодий палатаси вице-президенти Анжелика Сери-Фрошауэр сўнгги йилларда Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий алоқалар жадал ривожланиб бораётганини қайд этди. У Австриянинг етакчи компаниялари вакиллари ўзбек тадбиркорлари билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканини таъкидлади.
Австрия Иқтисодиёт, энергетика ва туризм вазирлиги бош котиби Северин Грубер 2025 йил октябрь ойида Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолагани билан Ўзбекистонни табриклади. Унинг фикрича, ушбу ҳужжат Ўзбекистон ва Австрия ўртасида кенг қамровли муносабатларни янада мустаҳкамлаб, уларни янги босқичга олиб чиқишига хизмат қилади.
Австриянинг собиқ Федерал канцлери, Халқаро маслаҳатчилар кенгаши раиси Альфред Гузенбауэр тадбирда қатнашган барча Австрия компанияларига мурожаат қилиб, Ўзбекистон Президенти хорижий инвесторларга яратаётган жозибадор имкониятлардан унумли фойдаланишга ва вақтни бой бермасдан ўзбекистонлик ҳамкорлар билан турли соҳаларда янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга чақирди.
Тадбир давомида Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги директори Мансуржон Расулевнинг “Ўзбекистон – улкан имкониятларга эга катта мамлакат” мавзусидаги тақдимоти иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Унда Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилаш, тармоқлар ва ҳудудлар кесимидаги истиқболли лойиҳалар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда Австрия компаниялари Ўзбекистон билан қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, энергетика, гидроэнергетика, тоғ-кон, кимё, қурилиш, электротехника, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, автомобилсозлик, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, жамоат хавфсизлиги ва металлургия соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш билдирмоқда.
Шунингдек, Наманган вилояти делегацияси ва Австрия компаниялари ўртасида “B2B” ва “B2G” форматларида учрашувлар ташкил этилди.
Тадбир якунида Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Ғофуржон Жамолов австриялик ҳамкорлар билан қурилиш, йўл инфратузилмаси, “яшил” энергетика ва таълим соҳаларида истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга доир қатор ҳужжатларни имзолади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

