Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси билан учрашув ўтказилди
Декабрь 30, 2025. 18:27 • 2 дақ
• 74
ТОШКЕНТ, 30 декабрь. /“Дунё” АА/. 30 декабрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усманов Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Юй Цзюн билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, учрашув давомида 2025 йил якунлари кўриб чиқилди ва 2026 йилга мўлжалланган барча йўналишларни қамраб олувчи стратегик шерикликнинг устувор йўналишлари белгиланди.
Икки томонлама ҳамкорликнинг барқарор ва изчил ривожланиши, юқори ва олий даражадаги мунтазам ва мазмунли алоқаларнинг сақланиши, шунингдек, минтақалараро шерикликнинг сезиларли фаоллашуви ижобий баҳоланди.
Сиёсий диалог, савдо-иқтисодий, инвестицион ҳамда маданий-гуманитар соҳаларни ўз ичига олган барча йўналишларда ўзаро ҳамкорликнинг кенгайиши, стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ва қўшма ташаббусларни амалга оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Икки томонлама муносабатларнинг ривожланиши дўстлик ва ўзаро ишонч, тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик, томонларнинг асосий манфаатларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, биргаликдаги ривожланиш, барқарор тараққиёт ва фаровонликка бўлган умумий интилишлар асосида изчил амалга оширилаётгани қайд этилди.
Хитой томони Ўзбекистон томонидан танланган мустақил миллий ривожланиш йўлини доимий қўллаб-қувватлашини тасдиқлади ва “Янги Ўзбекистон” стратегияси доирасида амалга оширилаётган устувор ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастурларини илгари суришда кенг кўламли ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини билдирди.
Ўзбекистон томони эса “Ягона Хитой” тамойилини, Хитой Халқ Республикасининг ҳудудий яхлитлиги ва давлат суверенитетини қатъий қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси