Сирдарёлик мутахассислар Хитойда малака ошириш курсларида қатнашди
Июнь 04, 2026. 12:25 • 3 дақ
• 67ПЕКИН, 4 июнь. /“Дунё” АА/. Сирдарё вилояти касбий таълим тизими вакиллари Пекин шаҳридаги “Beifang Education Group” компаниясида автомобилларга техник хизмат кўрсатиш йўналиши бўйича ташкил этилган малака ошириш курсларида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатимизнинг Хитойдаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган мазкур малака ошириш курсларига Сирдарё вилоятидаги касбий таълим муассасалари мутахассислари, ишлаб чиқариш таълими усталари ҳамда ўқувчилардан иборат 30 кишилик делегация ташриф буюрди.
Иштирокчилар замонавий автомобиль технологиялари, ўқув-амалий лабораториялар фаолияти, техник сервис хизматлари, инновацион таълим методикалари ҳамда амалий кўникмалар бўйича халқаро тажрибаларни ўргандилар.
Курс давомида улар “Beifang Education Group” компаниясининг техник имкониятлари, замонавий автомобиль диагностикаси ускуналари, амалий таълим жараёнлари ҳамда автомобил саноатида қўлланилаётган илғор технологиялар ҳақида батафсил маълумот олди.
Шунингдек, иштирокчилар замонавий электромобил технологиялари, диагностика ва таъмирлаш жараёнлари билан яқиндан танишди. Дарслар қизғин муҳокамалар, тажриба алмашиш ва амалий машғулотларга бой тарзда ўтди.
Делегация Хитойга сафари доирасида Хандан шаҳрида жойлашган “Beifang” таълим марказига ҳам ташриф буюрди. Бу ерда вакилларимиз замонавий ўқув базалари, ишлаб чиқариш лабораториялари ҳамда амалий таълим жараёнлари билан яқиндан танишди.
Музаффар Асқаров, Сирдарё вилояти касбий таълим бошқармаси бош мутахассиси:
– Бугунги кунда бутун дунёда автомобилсозлик ва электромобил технологияларига ўтиш жараёни жадал суръатларда ривожланмоқда. Бу малакали кадрларга бўлган талабни янада оширмоқда. Шу мақсадда, Сирдарё вилояти касбий таълим муассасаларининг ишлаб чиқариш таълими усталари ва ўқувчиларидан иборат делегациямиз Хитойнинг Пекин шаҳрида жойлашган “Beifang” ўқув марказида малака ошириш курсларида иштирок этди.
Мамлакатимизнинг Пекиндаги элчихонаси ва Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилган мазкур курслар давомида биз бевосита ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишдик. Бу тажриба ўқувчилар учун назарий билимларни амалиётда мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Арслонбек Мамадуллаев, Сирдарё вилояти Илғор касбий маҳорат техникуми ишлаб чиқариш таълими устаси:
– Биз Хитойнинг “Beifang Education Group” компаниясида 14 кун давомида малака ошириш курсларида иштирок этдик. Бу ерда янги энергия технологиялари, аккумулятор батареялари, қувватлаш ускуналарининг турлари, уларни таъмирлаш, созлаш ва ўрнатиш бўйича назарий ҳамда амалий билимларга эга бўлдик.
Хитойлик мутахассислар назарий машғулотларни тушунарли ва содда тарзда олиб бориб, амалий жараёнларда ҳар томонлама кўмак кўрсатди. Ушбу курслар давомида эгаллаган билим ва кўникмаларимизни юртимизга қайтгач, таълим жараёнида кенг қўллаймиз.
Элёрбек Аширов, Сирдарё вилояти техникуми ўқувчиси:
– Биз Пекин шаҳридаги “Beifang Education Group” компаниясида ташкил этилган 14 кунлик малака ошириш курсларида таҳсил олдик. Машғулотлар давомида электр энергиясида ҳаракатланувчи ва гибрид автомобиллар ҳақида чуқур билимларга эга бўлдик, уларнинг тузилиши ва ишлаш тамойилларини ўргандик.
Бу ерда устозлар дарсларни жуда тушунарли тарзда ўтди. Назарий ва амалий машғулотлар қизиқарли ва мазмунли ташкил этилди. Шунингдек, биз Хитойнинг Хандан шаҳридаги автомобиль ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан ҳам танишдик.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси










