Ўзбекистон элчиси Бишкекдаги инвестиция форумида қатнашди
Ноябрь 27, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 59БИШКЕК, 27 ноябрь. /“Дунё” АА/. Қирғизистон пойтахтида бўлиб ўтган “Bishkek Investment Forum – BIF 2026” халқаро инвестиция форумида Ўзбекистон элчихонаси вакиллари ҳам иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Форум “Марказий Осиё – 2030. Бозор имкониятлари” мавзусида ўтказилди. Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилишига бағишланган биринчи ялпи сессияда Ўзбекистон элчиси Саидикром Ниёзхўжаев маъруза қилди.
Элчи ушбу лойиҳа нафақат транспорт йўналишларини диверсификация қилиши, балки икки давлат тадбиркорлари учун янги бозорларни очиши, маҳсулот етказиб бериш географиясини кенгайтириши ҳамда ишлаб чиқариш занжирларини яратишга хизмат қилишини таъкидлади.
Тадбир доирасида Ўзбекистон элчиси Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Эрлист Акунбеков билан учрашди. Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кооперация ва транспорт-логистика имкониятларидан фойдаланиш масалаларини муҳокама қилди.
Шу билан бирга, қирғизистонлик тадбиркорларнинг Тошкентда бўлиб ўтадиган халқаро форумда иштирок этиши бўйича тегишли келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

