Франциянинг нуфузли молия тузилмаларига “Янги Тошкент” лойиҳаси тақдим этилди
Ноябрь 27, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 20
ПАРИЖ, 27 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси томонидан Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш доирасидаги инвестиция лойиҳаларига хорижий сармояларни жалб қилиш мақсадида етакчи француз банклари, молиявий ва инвестиция ташкилотлари вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда “Bpifrance”, “UBAF”, “Crédit Agricole CIB”, “Natixis”, “CIC”, “IPEM” каби нуфузли молиявий тузилмалар вакиллари қатнашди.
Учрашув давомида француз ишбилармонларига Янги Тошкент ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли инвестиция лойиҳалари, мавжуд инвестиция лотлари ҳамда хорижий сармоядорлар учун яратилган имтиёзлар ҳақида маълумот берилди. Иштирокчилар шаҳарнинг йирик инфратузилма ва тижорат лойиҳаларини молиялаштириш имкониятлари юзасидан фикр алмашди.
Франция молия институтлари вакиллари тақдим этилган лойиҳаларга катта қизиқиш билдириб, уларни молиялаштириш имкониятларини ўрганишга тайёр эканини маълум қилди.
Музокаралар давомида “Янги Тошкент” дирекцияси ва француз молия институтлари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди. Хусусан, аниқ инвестиция лойиҳалари учун молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқиш, учрашувлар ўтказиш, Францияда қўшма инвестиция тақдимотлари ва роуд-шоулар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
“Bpifrance” билан 2027 йил бошида Францияда қўшма инвестиция тақдимотлари ва роуд-шоулар ўтказиш бўйича келишиб олинди. Бундан ташқари, “IPEM” билан 2027 йил 2–4 февраль кунлари Канн шаҳрида бўлиб ўтадиган “IPEM Wealth 2027” халқаро форуми доирасида Янги Тошкентнинг инвестициявий салоҳиятига бағишланган махсус тадбир ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди.
Франция молия доиралари билан йўлга қўйилаётган ҳамкорлик Янги Тошкентни замонавий шаҳарсозлик тамойиллари асосида барпо этиш жараёнига илғор халқаро тажриба, молиявий ресурслар ва инвестиция имкониятларини жалб қилиш йўлида муҳим қадам бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси