Оқ уй: АҚШ, Россия ва Хитой етакчилари Шэньчжэнда тарихий уч томонлама учрашув ўтказади

Ноябрь 14, 2026. 14:30 • 3 дақ

• 2
Оқ уй: АҚШ, Россия ва Хитой етакчилари Шэньчжэнда тарихий уч томонлама учрашув ўтказади

ВАШИНГТОН, 14 ноябрь. /“Дунё” АА/. АҚШ Президенти Дональд Трамп, Россия Президенти Владимир Путин ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин жорий йилнинг 19 ноябрь куни Хитойнинг Шэньчжэн шаҳрида Осиё-Тинчоқ океани иқтисодий ҳамкорлиги (ОТИҲ) саммити доирасида тарихда илк бор уч томонлама учрашув ўтказади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “CNN” телеканалига таяниб.

Музокараларнинг асосий мавзулари ядровий қуролларни қисқартириш, йирик ядровий давлатлар ўртасидаги янги келишув истиқболлари ва Эрон атрофидаги вазиятдир.

Оқ уй матбуот котибининг ёрдамчиси Оливия Уэйлс Дональд Трамп Россия ва Хитой етакчилари билан глобал ядровий арсеналларни қисқартириш масаласини муҳокама қилиш ниятида эканини тасдиқлади.

“Президент, бошқа мавзулар қаторида, дунёдаги ядровий қуролларни қисқартириш масаласини муҳокама қилишини очиқ кўрсатди. Президент ядро қуролининг тарқалишини ўта хавфли деб ҳисоблайди”, — деди у.

Эслатиб ўтамиз, мазкур музокаралар қурол-яроғларни назорат қилиш халқаро тизимидаги ўзгаришлар фонида бўлиб ўтмоқда. 2026 йил февраль ойида АҚШ ва Россия ўртасидаги ядровий қуроллар бўйича сўнгги шартноманинг амал қилиш муддати тугаган эди, шу билан бирга, Америка ОАВ маълумотларига кўра, Хитой ўз ядровий арсеналини кенгайтиришда давом этмоқда.

Шу билан бирга, Вашингтон учрашув якунлари бўйича аниқ келишувларга эришилишини кутмаяпти. Америка маъмуриятидаги юқори мартавали манба уни олий даражадаги мулоқотнинг бошланиши деб атади.

Шунингдек ўқинг

“Биз бирор-бир келишувга эришилишини кутмаяпмиз. Мен бу учрашувни дастлабки қадам, ушбу мамлакатлар етакчилари даражасидаги илк суҳбат сифатида тавсифлаган бўлардим”, — дея қайд этди у.

Яна бир мавзу Эрон атрофидаги вазият бўлади. Айни пайтда Россия-Украина можаросини уч томонлама музокаралар кун тартибига киритиш режалаштирилмаган. Вашингтонда Украина масаласи Москва билан алоҳида алоқалар доирасида муҳокама қилиниши, унда Пекин иштирок этмаслиги тушунтирилди.

Уч томонлама музокаралардан ташқари, АҚШ Президенти Хитой Раиси билан алоҳида учрашув ва ишчи тушлик ўтказади. Томонлар илгари эришилган савдо келишувларининг бажарилиши ва ноёб ер металларини етказиб беришни муҳокама қилишни режалаштирмоқдалар.

Шунингдек, Дональд Трамп ва Владимир Путиннинг алоҳида икки томонлама учрашуви ҳам кутилмоқда. Бунинг тайёргарлиги ҳақида аввалроқ Россия Президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков хабар берган эди.

Оқ уй баёноти эълон қилинган пайтда Москва ва Пекин ўз етакчиларининг уч томонлама учрашувда иштирок этишини расман тасдиқламаган эди. Шунга қарамай, Шэньчжэндаги бўлажак учрашув АҚШ, Россия ва Хитой етакчиларининг олий даражадаги уч томонлама мулоқотига айланиши мумкин.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш