Италия бизнес-миссияси ноябрь ойида Наманганга ташриф буюради
Сентябрь 15, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 70
РИМ, 15 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев Италиянинг Эмилия-Романья вилояти ишбилармон доиралари, тармоқ ташкилотлари ва бир қатор компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувлар давомида агросаноат кооперациясини ривожлантириш, замонавий агротехнологиялар, сувни тежовчи ва рақамли ечимларни жорий этиш, шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ва технологияларни маҳаллийлаштириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Музокараларнинг асосий натижаларидан бири — жорий йилнинг ноябрь ойида Италиянинг “Clust-ER Agrifood” кластери иштирокчиларининг Наманган вилоятига бизнес-миссиясини ташкил этиш бўйича эришилган келишув бўлди. Ташриф доирасида маҳаллий корхоналар билан бевосита музокаралар ўтказиш ва истиқболли қўшма лойиҳаларни шакллантириш режалаштирилган.
Алоҳида эътибор Эмилия-Романьянинг инновацион экотизими ва унинг Ўзбекистонда илмий-технологик ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун мавжуд имкониятларига қаратилди.
“ART-ER”, “Winet”, “Agronica” ва “Agrobit” ташкилотлари билан ўтказилган учрашувларда қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, сувни тежовчи ечимлар ва сунъий интеллектга асосланган технологияларни жорий этиш, уларни пилот равишда синовдан ўтказиш ҳамда кейинчалик маҳаллийлаштириш бўйича ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди. Тақдим этилган технологиялар бўйича айрим ечимлар суғориш учун сув сарфини 40 фоиздан кўпроққа камайтириш имконини бериши таъкидланди.
Бундан ташқари, “Tampieri Group” ва “Vivai Battistini” компаниялари билан озиқ-овқат саноати, айланма иқтисодиёт соҳаси ва кўчатчиликнинг замонавий технологиялари бўйича янги инвестициявий лойиҳалар истиқболлари кўриб чиқилди. Хусусан, томонлар ўсимлик ёғлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, Ўзбекистонга “in-vitro” технологияларини ўтказиш, замонавий лабораториялар ташкил этиш ва маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси