“2027 йил — Барқарор ва яшовчан туризм халқаро йили”нинг расмий очилиш маросими Тошкентда бўлиб ўтади

Сентябрь 15, 2026. 12:30 • 2 дақ

68
“2027 йил — Барқарор ва яшовчан туризм халқаро йили”нинг расмий очилиш маросими Тошкентда бўлиб ўтади

ТОШКЕНТ, 15 сентябрь. /“Дунё” АА/. БААда Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққуловнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти бош котиби Шайха Носир Ал-Новайс билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Uzbektourism.uz” портали маълумотларига кўра, учрашув давомида томонлар Ўзбекистон ва БМТ Туризм ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, туризмни барқарор ривожлантириш тамойилларини илгари суриш, туристик йўналишларнинг рақобатбардошлигини ошириш, инсон капиталини ривожлантириш ҳамда халқаро ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.

“2027 йил — Барқарор ва яшовчан туризм халқаро йили”нинг расмий очилиш маросимига тайёргарлик кўриш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Расмий очилиш маросими 2026 йил ноябрь ойида Тошкентда “Ипак йўлида туризм” Тошкент халқаро туристик ярмаркаси доирасида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Очилиш маросимини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббуси Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2026 йил 1 апрель куни БМТ Туризм раҳбарияти билан учрашув давомида илгари сурилган эди.

Шунингдек ўқинг

Музокараларнинг муҳим натижаси “2027 йил — Барқарор ва яшовчан туризм халқаро йили”нинг расмий очилиш маросимини ўтказиш тўғрисидаги Битимнинг имзоланиши бўлди. Ҳужжат тадбирга амалий тайёргарлик кўриш ҳамда Ўзбекистон ва БМТ Туризм томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирларни мувофиқлаштириш учун зарур ҳуқуқий ва ташкилий асосни яратади.

Очилиш маросимининг Тошкентда ўтказилиши халқаро даражада барқарор ва яшовчан туризм тамойилларини кенг тарғиб қилишга хизмат қилади. Шу билан бирга, ушбу нуфузли тадбир 2027 йил доирасида глобал туризм кун тартибини шакллантиришда ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда Ўзбекистоннинг фаол иштирокини янада мустаҳкамлаш учун муҳим платформага айланади.

Мулоқот давомида Бош котиб Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Хавфсиз туризм кодексини ишлаб чиқиш жараёни унинг шахсий назоратида эканини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, айни пайтда ушбу йўналишда давлатлар ва халқаро экспертлар билан олиб борилаётган ишлар янада жадаллаштирилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш