Ўзбекистон ва Швеция экспорт-кредитлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради
Сентябрь 09, 2026. 19:00 • 2 дақ
• 74
СТОКГОЛЬМ, 9 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Швеция Экспорт-кредит агентлиги (ЭКН) вакиллари билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув давомида Ўзбекистон–Швеция савдо-иқтисодий ҳамкорлигининг бугунги ҳолати, ЭКНнинг экспорт кредитлаш механизмларидан фойдаланган ҳолда ўзаро савдо ва сармоявий алоқаларни ривожлантириш, юртимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини янада яхшилаш масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар барқарор энергетика, транспорт, телекоммуникациялар, сув таъминоти, соғлиқни сақлаш, рақамли ва саноат инфратузилмасини ривожлантиришни ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида белгилаб олди.
Иштирокчилар “Team Sweden” тизими доирасида янги истиқболли лойиҳаларни илгари суриш ҳамда ЭКН билан институционал мулоқотни кенгайтириш тўғрисида келишувга эришди.
1933 йилда ташкил этилган ЭКН Швециянинг давлат экспорт-кредит агентлиги ҳисобланади. Агентлик Швеция компанияларининг экспорт операциялари ва халқаро лойиҳаларини суғурталаш ҳамда кафолатлаш орқали уларни қўллаб-қувватлайди.
Шунингдек, ЭКН Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти доирасида экспорт кредитлашда мамлакатларга хос хатарларни баҳолаш бўйича муҳокамаларда Швеция номидан иштирок этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси