Жакартадаги халқаро ярмаркада Ўзбекистоннинг бой маданий мероси намойиш этилди

Ноябрь 22, 2025. 11:11 • 2 дақ

312
Жакартадаги халқаро ярмаркада Ўзбекистоннинг бой маданий мероси намойиш этилди

ЖАКАРТА, 22 ноябрь. /"Дунё" АА/. Жакарта шаҳрининг Халқаро кўргазмалар марказида дунё халқларининг санъат ва миллий этнографик халқаро ярмаркаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Индонезия Хотин-қизлар уюшмаси, Ташқи ишлар ва Маданият вазирликлари томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда йирик маҳаллий ҳунардмандчилик уюшмалари, миллий мато ишлаб чиқарувчилар, Жакарта шаҳрида жойлашган дипломатик ваколатхоналар ўз стендлари билан иштирок этди.

Халқаро ярмарка доирасида миллий санъат ва ҳунармандчилик маҳсулотлари намуналари намойиш этилди ва уларни ясаган усталар томонидан маҳорат дарслари ўтказилди.

Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчихонаси томонидан ташкил қилинган павильонда мамлакатимизнинг бой миллий-маданий меросини акс эттирувчи санъат асарлари, ҳунармандчилик буюмлари, қўлда тўқилган матолар, каштачилик намуналари намойиш этилди. Павильоннинг алоҳида бурчагидан мамлакатимизда ишлаб чиқарилган қандолатчилик ва гўшт маҳсулотлари, қуритилган мевалар жой олди.

Кўргазманинг биринчи куниёқ Ўзбекистон стендини юзлаб кишилар кўздан кечирди. Нуфузли давлат ва жамоат арбоблари, соҳа мутахассислари, ишбилармон доира вакиллари, индонезиялик фуқаролар, хорижий меҳмонлар Ўзбекистон павильонидаги ноёб экспонат ва маҳсулотларга юқори баҳо берди.  

Ўзбекистон павильонига тадбирнинг фахрий меҳмони сифатида Индонезия вице-президенти Гибран Ракабуминг Раканинг рафиқаси Сельви Ананда ҳам ташриф буюрди.

– Ушбу халқаро санъат ва ҳунармандчилик ярмаркаси турли халқларни, маданиятларни бир-бирига яқинлаштиришга ва мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Айниқса, Ўзбекистон павильони менда катта таассурот қолдирди. Миллий анъаналарга таяниб, дид билан безатилган стенд юқори эътирофга лойиқ. Ўзбекистон ҳунармандлари томонидан яратилган кулолчилик буюмлари, хаттотлик асарлари, каштачилик ва зардўзлик санъати намуналари, миллий либослар ва миниатюралар индонезияликлар ва юртимиз меҳмонларини ҳайратга солди", – дейди Сельви Ананда .

Иштирокчилар ярмаркада Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид маълумотлар билан ҳам танишди. Шу билан бирга ташриф буюрувчиларга Янги Ўзбекистон, мамлакатимизнинг ривожланиш стратегияси ҳамда Ватанимизнинг сайёҳлик салоҳияти ва соҳада яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берилди. Ярмарка қатнашчиларининг аксарияти Ўзбекистонга саёҳат қилиш истаги борлигини таъкидлашди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш