“Axios”: АҚШ ва Эрон ҳужумларни тўхтатишга ва шу ҳафта учрашишга келишиб олди
Июнь 29, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 91
ВАШИНГТОН-ТЕҲРОН, 29 июнь. /“Дунё” АА/. АҚШ ва Эрон Форс кўрфази минтақасида икки ҳафтадан камроқ вақт давомида амалда бўлган мўрт сулҳ битимини хавф остига қўйган ўзаро зарбалар алмашинувидан сўнг музокараларни қайта тиклашга келишиб олди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Axios” порталига таяниб.
Вашингтон шу ҳафта Доҳада техник музокаралар ўтказишни таклиф қилди. Улар эртагаёқ бошланиши мумкин ва асосий эътибор Ҳурмуз бўғози билан боғлиқ масалаларга қаратилади.
Порталнинг америкалик расмий манбага таяниб хабар беришича, томонлар зарбаларни вақтинча тўхтатиш ҳамда Ҳурмуз бўғози орқали тижорат кемаларининг эркин ҳаракатланишини таъминлашга келишиб олган. Бироқ Эрон бу келишувни расман тасдиқламади.
Музокаралар қайта тикланишидан аввал тўрт кун давомида янги кескинлик кузатилди. АҚШ ва Эрон бир-бирини “барча жабҳаларда ҳарбий амалиётларни зудлик билан ва бутунлай тўхтатишни” кўзда тутувчи 17 июндаги сулҳни бузганликда айблади.
Ўтган ҳафта Эрон снаряди Ҳурмуз бўғозидаги юк кемасига келиб текканидан сўнг, америкалик ҳарбийлар Эроннинг кузатув инфратузилмаси, алоқа тизимлари, ҳаво ҳужумидан мудофаа объектлари, дрон омборлари ва миналаштириш салоҳиятига зарбалар берди. Бунга жавобан Эрон АҚШнинг Баҳрайн ва Қувайтдаги ҳарбий объектларига ракеталар ва дронлар билан ҳужум қилди.
Зарбалар алмашинуви АҚШ Президенти Дональд Трампнинг янги таҳдидлари билан бирга кечди. У “Truth Social”даги постида агар Теҳрон келишувдан воз кечса, “Эрон Ислом Республикаси деган давлат бошқа бўлмаслиги”ни ва АҚШ “бу ишни ҳарбий йўл билан якунлашга” тайёр эканини маълум қилди. Эрон эса, ўз навбатида, музокараларни бутунлай тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилди.
Шу ой бошида Швейцарияда юқори даражадаги музокаралар раунди бўлиб ўтган, унда АҚШ ва Эрон вакиллари бўлажак алоқаларнинг, жумладан, Эрон ядровий дастури ва АҚШ санкциялари масалаларининг асосий шартларини муҳокама қилган эди.
“AFP” агентлиги сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси