Ўзбекистон ва Саффолк университети ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик йўлга қўйилади
Февраль 08, 2026. 10:01 • 54 сония
• 130
ЛОНДОН, 8 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари ва Саффолк университети проректори Марек Хорнак ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокаралар давомида Британия томони Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан ўқув дастурларини биргаликда ишлаб чиқиш ва қўшма таълим лойиҳаларини жорий этишга катта қизиқиш билдирди. Хусусан, Марек Хорнак университет, “дуал диплом” (3+1 ва 2+2) принциплари асосида ҳамкорлик қилиш, талабалар ва мутахассислар учун амалиёт дастурларини ташкил этиш ҳамда қўшма илмий тадқиқотлар олиб боришга тайёр эканини маълум қилди.
Учрашув якунида ўзбекистонлик ўқитувчи-профессорлар учун малака ошириш дастурлари ва махсус тренинглар ўтказиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди. Бу каби ҳамкорлик алоқалари юртимизда олий таълим сифатини халқаро стандартлар даражасига кўтаришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Саффолк университети 2007 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда унда 14 минг нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда. Муассасада амалий фанлар, санъат, бизнес бошқаруви, соғлиқни сақлаш, стоматология ва IT йўналишлари бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрланади. 1,3 минг нафар профессор-ўқитувчилар фаолият юритадиган университет Британиянинг энг жадал ривожланаётган олий таълим масканларидан бири ҳисобланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
