Logo

Туркманистондан муносабат: Алишер Навоий ижоди XV аср Шарқ халқларининг маънавий ҳаётини очиб беради

Февраль 08, 2026. 12:40 • 2 дақ

118
Туркманистондан муносабат: Алишер Навоий ижоди XV аср Шарқ халқларининг маънавий ҳаётини очиб беради
Туркманистондан муносабат: Алишер Навоий ижоди XV аср Шарқ халқларининг маънавий ҳаётини очиб беради
Туркманистондан муносабат: Алишер Навоий ижоди XV аср Шарқ халқларининг маънавий ҳаётини очиб беради

АШХОБОД, 8 февраль. /“Дунё” АА/. Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигига бағишланган “Навоий ва Шарқ Ренессанси” мавзусидаги V Халқаро симпозиум арафасида Туркманистон илмий-эксперт ҳамжамияти вакиллари “Дунё” АА учун Алишер Навоий меросининг Марказий Осиё халқларининг маънавий-маданий ҳаётидаги ўзига хослигини шакллантиришдаги аҳамияти ҳақида фикр билдирди:

Туркманистон Маданият вазирлиги бўлим бошлиғи, тарих фанлари номзоди Агамурад Балтаев:

Инсоният тарихида адабиёт доим халқларнинг маънавий ва маданий ўзига хослигини шакллантириш, тарихий хотирани асраб-авайлаш ва давлатлараро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим роль ўйнаган. Айниқса, Марказий Осиёда атоқли шоир ва мутафаккирларнинг ижодий мероси миллий ўзликни англаш ва жамият маънавий тараққиётининг асосига айланди.

Алишер Навоий шоир, файласуф, давлат арбоби ва маърифатпарвар бўлиб, унинг номи минтақанинг инсонпарварлик ғоялари, юксак поэтик маданияти ва маънавий бойлигининг рамзига айланган. Унинг кўп қиррали фаолияти шеъриятдан илм-фангача, давлат хизматидан маърифатпарварликкача XV асрда маданият ва адабиёт жамиятнинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётидан ажралмаганидан далолат беради.

Туркманистоннинг замонавий маданий дипломатияси қўшни давлатлар билан тарихий ва маънавий алоқаларни мустаҳкамлаш воситаси сифатида Алишер Навоий меросига фаол таянади. Навоий шеърияти ва маданий анъаналарини тарғиб қилиш орқали Туркманистон халқлар қардошлигини мустаҳкамламоқда ва Марказий Осиёнинг маънавий меросини асраб-авайлаб, уни замонавий халқаро ҳамжамият учун очиқ қилмоқда.

Туркманистон Фанлар академияси Тарих ва археология институти катта илмий ходими Женнет Эзимова:

Алишер Навоий ижоди ўзининг шеърий ва илмий асарларида XV аср Шарқ халқларининг маънавий ҳаётини очиб беради. Унинг кўпчилиги қўшиқ бўлиб кетган шеърлари инсонпарварлик ғоялари билан суғорилган, юксак бадиий таъсирчанликка эга.

Буюк мутафаккир барча туркий тилли халқлар учун тушунарли бўлган чиғатой адабий тилининг асосчиси бўлиб, туркман адабиётининг ривожланишига катта таъсир кўрсатган. Шоир “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида туркий ва форсий тилларнинг шеърият учун тенг қийматга эга эканини далиллар билан исботлаган.

Навоий ижодига бўлган муҳаббат мусиқа маданиятида ҳам намоён бўлади. Унинг шеър ва куйлари байрам ва тантаналарда бахшилар томонидан фаол ижро этилади, Навоий номи билан боғлиқ халқ куйлари миллий мусиқа санъатида салмоқли ўрин эгаллайди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш