Logo

Суҳайл Хон: Ўзбекистон–Покистон муносабатлари Бобурийлар даврига бориб тақалади

Февраль 08, 2026. 10:30 • 3 дақ

57
Суҳайл Хон: Ўзбекистон–Покистон муносабатлари Бобурийлар даврига бориб тақалади

ПЕКИН, 8 февраль. /“Дунё” АА/. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби ўринбосари Суҳайл Хон “Дунё” АА мухбирига Ўзбекистон Президентининг Покистонга давлат ташрифи, икки давлат ўртасида ўрнатилган ўзаро ишонч ва дўстлик ришталари ҳамда ривожланаётган ҳамкорлик алоқалари хусусида фикр билдирди:

– Сўнгги йилларда Ўзбекистон–Покистон муносабатлари изчил мустаҳкамланиб, стратегик шерикликнинг энг юқори даражасига кўтарилмоқда. Бу жараёнда икки мамлакат етакчиларининг сиёсий иродаси алоҳида ўрин тутади, у ҳамкорликнинг узоқ муддатли йўналишларига алоҳида тус беради.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга расмий ташрифи нафақат дипломатик тадбир, балки барча устувор йўналишларда икки томонлама муносабатларни чуқурлаштиришнинг кучли драйвери ва катализаторига айланадиган муҳим минтақавий воқеадир.

Олий даражадаги расмий ташрифларнинг тез-тез бўлиб туриши Тошкент ва Исломободнинг Бобурийлар давридан бошланган умумий тарихга эга муносабатларни чуқурлаштиришдан чин дилдан манфаатдор эканидан далолат беради.

Покистон – Ўзбекистон ишончли мулоқотининг марказий элементи савдо-иқтисодий алоқалардир. Ўзбекистон етакчисининг Покистонга ташрифи, шубҳасиз, уларга янги, амалий мазмун бахш этишга қаратилган.

Ўзбекистонни Афғонистон орқали Покистон портлари билан боғлайдиган Трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш Исломобод ва Тошкент учун стратегик аҳамиятга эга. Ишончим комилки, ташриф якунлари бўйича бу борада янги истиқболлар очилади.

Бундан ташқари, ишбилармон доиралар вакилларининг Ўзбекистон–Покистон бизнес-форумида иштирок этиши ва энг муҳими, делегациянинг “Made in Uzbekistan” миллий маҳсулотлар халқаро кўргазмасига юқори даражада ташриф буюриши режалаштирилгани кенг кўламли инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда муҳим омиллардан бири бўлади.

Шубҳасиз, ташриф маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликка катта туртки беради, унинг марказий элементи туризмдир. Ўзбекистоннинг ноёб маданий-тарихий меросини Покистон фуқаролари ўртасида тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилади. Бухоро ва Самарқанд нафақат қадимий шаҳарлар, балки ислом цивилизацияси дурдоналари, зиёратгоҳ ва маънавий жозибадор масканлардир.

Ҳамкорликнинг бугунги динамикасини транспорт алоқалари ҳам акс эттиради: мамлакатларни ҳафтасига тўртта авиарейс боғлайди. Бу Ўзбекистоннинг зиёрат туризми соҳасидаги улкан салоҳияти туфайли Ўзбекистонга ташриф буюраётган покистонлик сайёҳлар сони тобора ортиб бормоқда.

ШҲТ бош котибининг Покистондан бўлган ўринбосари сифатида менга мамлакатларимизнинг ўзаро ишонч ва манфаатдорлик, тенг ҳуқуқлилик, маданиятлар хилма-хиллигини ҳурмат қилиш, биргаликда ривожланишга интилиш каби умумий тамойилларга асосланган кўп томонлама ҳамкорлик доирасидаги ўзаро алоқалар масалаларига ёндашувлари ўхшашлиги ёқади.

Ўзбекистон Покистоннинг ШҲТга тўлақонли аъзо сифатида киришини нафақат қўллаб-қувватлаган, балки 2024 йилда Исломободда ШҲТ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилишини муваффақиятли ўтказишда фаол кўмаклашган илк давлатлардан бири бўлди.

Ўзбекистон Президентининг расмий ташрифи, ҳеч шубҳасиз, кўп қиррали ва узоқ муддатли стратегик шериклик муносабатларини барпо этиш борасидаги ўзаро интилишларни тасдиқлайдиган муҳим воқеа бўлади. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва маданий-туристик алмашинувларни ривожлантириш бўйича эришиладиган келишувлар келажак учун мустаҳкам пойдевор бўлади. Ўз навбатида, белгиланган режаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши ушбу шерикликни минтақадаги барқарорлик ва тараққиётнинг асосий ўқларидан бирига айлантиради.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Президенти томонидан олиб борилаётган сиёсатга нафақат Покистон ҳукумати вакиллари, балки кенг жамоатчилиги томонидан ҳам самимий ҳурмат ва қизиқиш билдирилаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Фаол ички ўзгаришлар ва вазмин ташқи сиёсатни бирлаштирган белгиланган йўналиш юқори баҳога лойиқ.

Ишончим комилки, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон минтақадаги шериклар билан биргаликда нафақат Марказий Осиё иқтисодий тараққиётининг локомотивига, балки барқарорлик ва хавфсизликнинг кафолатига айланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш