Logo

Бугун дунёда: Хорижий ОАВ шарҳи қисқа сатрларда

Февраль 19, 2026. 12:35 • 3 дақ

26
Бугун дунёда: Хорижий ОАВ шарҳи қисқа сатрларда

Қирғизистонда президентлик сайловлари 2027 йилда бўлиб ўтади 

Қирғиз Республикаси Конституциявий суди Садир Жапаровнинг илтимосномасига кўра, Конституциянинг президентлик ваколат муддатига оид моддаларига расмий изоҳ берди. Таъкидланишича,бир марта бошланган президентлик муддати дастлаб белгиланган олти йиллик муддат ичида якунланиши керак. Бундан ташқари, амалдаги президентнинг олти йиллик муддати икки муддатлик бошқарувга кўра биринчи муддат ҳисобланади. 

Манба: Kazinform

***

Жанубий Корея собиқ президенти умрбодга қамалди

Жанубий Корея собиқ президенти Юн Сок Ёл умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У 2024 йил охирида ҳарбий ҳолат жорий этгани учун исён уюштиришда айбдор деб топилди. Юн Сок Ёл 2022 йил майидан президент лавозимида ишлаган. 2024 йил декабрида у қисқа муддатга ҳарбий ҳолат жорий этгани ортидан исёнда гумонланиб, Миллий ассамблея томонидан лавозимидан четлатилган. Импичмент 2025 йил апрелида тасдиқланган, у эса бир неча муваффақиятсиз уринишлардан сўнг ҳибсга олинган.

Манба: Yonhap

***

АҚШ Эронга зарба беришга тайёр

АҚШ ҳарбийлари 21 февраль куни Эронга зарба беришга тайёр, бироқ АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳали якуний қарор қабул қилмаган. Оқ уй матбуот котиби Керолайн Ливитт брифингда Эронга зарба бериш учун “кўплаб сабаб ва асослар” мавжудлигини, бироқ дипломатия ҳар доим президентнинг биринчи танлови эканини таъкидлаган.

Манба: CBS News 

***

Венгрия ва Словакия Украинага дизель экспортини тўхтатди

Венгрия ва Словакия 18 февраль куни Украинага дизель ёнилғиси етказиб беришни тўхтатишини эълон қилди. Бунга “Дружба” қувури орқали Россия нефти транзити борасидаги келишмовчиликлар сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Манба: Euronews

***

АҚШ Суриядан барча қўшинини олиб кетмоқчи

АҚШ яқин икки ой ичида Суриядаги 1000 нафар аскарини тўлиқ олиб чиқишни режалаштирмоқда. Қайд этилишича, АҚШ Сурия ҳукумати устидан назоратни кенгайтиргани, ИШИДга қарши курашда муҳим роль ўйнаган Сурия Демократик Кучлари расмий Дамашқ билан келишувга эришгани ортидан мамлакатдаги ҳарбий иштирокини якунлашга қарор қилган.

Манба: Al Arabiya

***

Исроил Эрон билан урушга тайёргарлик кўрмоқда

Исроил армиясини юқори жанговар шай ҳолатга келтирилди, АҚШнинг Эронга зарба бериши эҳтимоли ортмоқда. Исроилнинг фуқаролик мудофааси учун масъул “Орқа фронт қўмондонлиги” ҳамда барча қутқарув хизматларига уруш эҳтимолига тўлиқ тайёр туриш топширилган. Ушбу чоралар АҚШнинг Эронга эҳтимолий зарбаси билан боғлиқ бўлиб, унда Исроил кучлари ҳам иштирок этиши мумкин.

Манба: Ynet

***

Украина Паралимпиада-2026га бойкот эълон қилди

Украина ҳокимияти Италияда бўлиб ўтадиган Паралимпия ўйинларини сиёсий бойкот қилишини эълон қилди. Бунга сабаб россиялик ва беларуслик спортчиларга ушбу ўйинларда ўз давлатларининг байроқлари остида иштирок этишга рухсат берилгани бўлган.

Манба: Deutsche Welle

***

Японияда Санаэ Такаичи қайта бош вазир этиб сайланди

Япония парламентида 18 февраль куни ҳукуматининг янги раҳбари учун овоз бериш жараёни бўлиб ўтди. Унда ҳукмрон Либерал-демократик партия раиси Санаэ Такаичи қонунчилар томонидан Япониянинг 105-бош вазири этиб сайланди. 

Манба: Xinhua

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш