Бугун дунёда: Хорижий ОАВ шарҳи қисқа сатрларда
Февраль 18, 2026. 14:27 • 2 дақ
• 52
Перуда президент истеъфога чиқарилди
Перу Конгресси президент Хосе Херини сайловларга икки ой қолганида лавозимидан четлатди. Президентнинг лавозимидан четлатиш учун 75 нафар депутат овоз берган. 24 нафар депутат қарши чиққан ва уч нафари бетараф қолган. Хосе Хери 2025 йил октябридан буён президентлик лавозимида эди.
Манба: The Guardian
***
Бангладешда янги бош вазир сайланди
Бангладеш “Миллий партияси” етакчиси Ториқ Раҳмон 17 февраль куни мамлакат бош вазири сифатида расман қасамёд қилди. Сиёсатчи собиқ бош вазир Холида Зиё ва суиқасд қурбони бўлган президент Зиёур Раҳмоннинг ўғли саналади. У 60 ёшда бўлиб, янги лавозимига киришар экан, Раҳмонни олдинда бир қатор муаммолар кутмоқда.
Манба: Reuters
***
АҚШ бир суткада Яқин Шарққа 50 дан ортиқ қирувчи самолёт жўнатди
АҚШ сўнгги 24 соат ичида Яқин Шарққа 50 дан ортиқ F-35, F-22 ва F-16 қирувчи самолётларини ташлади. 17 февраль куни Женевада Америка-Эрон музокаралари раунди якунланди. Уммон ташқи ишлар вазирининг сўзларига кўра, учрашув “умумий мақсадлар ва тегишли техник масалаларни аниқлашда сезиларли силжиш билан” якунланди.
Манба: Axios
***
Покистонда теракт: 11 нафар ҳарбий ҳалок бўлди
Покистоннинг Хайбер Пахтунва провинцияси, Бажаур округида жойлашган назорат-ўтказиш пунктига уюштирилган террорчилик ҳужуми оқибатида 11 нафар хавфсизлик хизмати ходими ҳалок бўлди.
Манба: The Dawn
***
Мадуронинг суди 26 март куни ўтадиган бўлди
Венесуэла Президенти Николас Мадуро иши бўйича навбатдаги суд мажлиси 26 март куни Нью-Йоркдаги федерал судда бўлиб ўтади. Суд санаси Мадуро адвокатларининг илтимосига биноан ўзгартирилган. Бунга прокуратура томони билан боғлиқ жадвал ва логистика масалалари ҳам сабаб бўлган. Натижада, икки томон судни бошқа кунга кўчиришга келишиб олган.
Манба: RTE.ie
***
Ташиевнинг яна бир сафдоши ишдан олинди
Қирғизистон Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги ҳузуридаги монополияга қарши тартибга солиш хизматига янги раҳбар тайинланди. Маълум бўлишича, Қамчибек Ташиевнинг сифдоши экани айтилган Женали Орозбаев Антимонополия хизмати раҳбари лавозимидан озод қилинган.
Манба: gov.kg
***
Зеленский АҚШ вакилларига ишонмаслигини айтди
Украина Президенти Владимир Зеленскийга Женевада Россия билан музокаралар бошланишидан олдин АҚШ Президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ҳамда Жаред Кушнер Россия ҳақиқатан ҳам жангларни тугатишни истаётганини айтган. Уиткофф ва Кушнер Зеленскийга шу маълумотдан келиб чиқиб, уч томонлама учрашувда Украина делегацияси фаолиятини мувофиқлаштиришни тавсия қилган. Бироқ, Зеленский бу масалада анча пессимистик кайфиятда эканини айтган ва улардан уни бу фикрга ишонтиришга уринмасликни сўраган.
Манба: Axios
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
