Logo

Бугун дунёда: Хорижий ОАВ шарҳи қисқа сатрларда

Март 02, 2026. 16:16 • 4 дақ

42
Бугун дунёда: Хорижий ОАВ шарҳи қисқа сатрларда

Қозоғистон БАА томонда эканини очиқлади

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Яқин Шарқдаги вазият туфайли Бирлашган Араб Амирликлари халқига ҳамдардлик билдирди. Қайд этилишича, у Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан билан телефон орқали самарали мулоқот ўтказган, Яқин Шарқдаги вазиятни атрофлича муҳокама қилган ва лозим бўлганда қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

Манба: Akorda.kz

***

Исроил Ливанда “Ҳизбуллоҳ”га зарбалар берди

Исроил Ливандаги Байрутнинг жанубига — Эрон қўллаб-қувватлайдиган ҳаракат “Ҳизбуллоҳ” назоратидаги ҳудудларга кучли ҳаво зарбаларини берган. Бунга сабаб, ушбу гуруҳ Эроннинг олий раҳбари Али Хоминаий ўлдирилгани учун қасос сифатида Исроил томон ракета ва учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар)ни учиргани бўлди.

Манба: Reuters

***

БАА Эрон билан дипломатик алоқаларни узди

БАА Эроннинг мамлакат ҳудудига берган зарбалари ортидан Теҳрондаги элчихонасини ёпишга ва Эрон Ислом Республикасидаги элчисини, шунингдек дипломатик миссия ходимларини чақириб олишга қарор қилди. Мазкур қарор Эрон томонидан БАА ҳудудига қаратилган очиқ ракета ҳужумларига жавобан қабул қилинган.

Манба: Mofa

***

Трампнинг айтишича, Эрондаги уруш 4 ҳафта давом этади

АҚШ етакчиси Дональд Трамп Эрондаги ҳарбий операция тўрт ҳафта давом этиши мумкинлигини айтди. “Бу ҳар доим тўрт ҳафталик жараён сифатида режалаштирилган. Тахминан, тўрт ҳафта ёки ундан кам давом этади. Бу катта давлат, шунинг учун тўрт ҳафта керак бўлади ёки камроқ”, деган Оқ уй раҳбари.

Манба: Daily Mail  

***

Эрдўғон Эронга қилинган ҳужумларни қоралади

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон Исроил ва АҚШнинг Эронга қилган ҳужумларини қоралади, шу билан бирга Эроннинг минтақадаги мамлакатларга зарба беришини номақбул деб атади. “Биз Эрон суверенитетини очиқчасига бузаётган ҳамда дўст ва қардош Эрон халқининг тинчлигига таҳдид солаётган бугунги ҳужумларни қоралаймиз. Биз Исроил провокациялари билан бошланган Америка–Исроил ҳужумларидан қайғуда ва ташвишдамиз. Биз узоқ вақт давомида келишмовчиликларни мулоқот йўли орқали бартараф қилишга қаттиқ ҳаракат қилдик. Минтақамиздаги бошқа давлатлар ҳам бор имкониятларини ишга солишди. Аммо исталган натижага эришилмади, чунки Исроилнинг жараённи бузишга уринишлари давом этгани сабабли томонлар ўртасидаги ишонч инқирозини бартараф этиб бўлмади”, дея таъкидлаган Эрдўғон.

Манба: Tass.ru

***

Нефть нархи тўрт йилликнинг энг юқори нуқтасига кўтарилди

Брент маркали нефтнинг нархи 13 фоиз кўтарилиб, бир баррель учун 82 долларга етди. Таҳлилчилар таъкидлашича, бу Россия – Украина уруши бошлангандан бери, яъни тўрт йил ичидаги энг юқори ўсиш.

Манба: Bloomberg

***

Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши ташқи ишлар вазирлари фавқулодда йиғилиш ўтказди

Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши ташқи ишлар вазирлари АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужуми шароитида ўз позицияларини мувофиқлаштириш ва минтақавий хавфсизликка таҳдидни баҳолаш учун фавқулодда йиғилиш ўтказдилар. Учрашувга Эроннинг ҳарбий фаолияти, жумладан ракета ва дрон ҳужуми Кенгашга аъзо давлатлар ҳудудига тарқалиши мумкинлигидан хавотири сабаб бўлди.

Манба: Azfront

***

Эронга вақтинча раҳбар тайинланди

67 ёшли Алиризо Арафий Эрон раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди. Арафий давлат идораларида тажрибага эга руҳоний, Хоманаийнинг ишончли вакили бўлган. Тайинловга қадар у Экспертлар ассамблеяси раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган ва нуфузли Посбонлар кенгаши аъзоси бўлган, Эрон диний таълим муассасалари тизимини бошқарган. 

Манба: Reuters

АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужуми ортидан нефть нархи кескин ошди

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши зарбалари ортидан жаҳон бозорида нефть нархи 2022 йил март ойидан бери энг юқори суръатда ўсмоқда. 2 март куни савдолар очилишида Brent маркали нефть нархи бир зумда 13 фоизга ошди – баррели 69 доллардан 82 долларгача кўтарилди. Бу 2025 йил январидан бери энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. 

Манба: Bloomberg   

Нетаняҳу идорасига ҳаво зарбаси берилди

Эроннинг Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси жамоатчилик билан алоқалар бўлими “Хайбар” туридаги ракеталар билан амалга оширилган ўнинчи тўлқин ҳужумларида Исроил ҳукумат мажмуаси нишонга олинганини маълум қилди. Баёнотда айтилишича, “сионистик режим” бош вазири идораси ҳамда мазкур режим ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони жойлашган манзил “мақсадли ва кутилмаган зарбалар”га учраган. Эрон қуролли кучлари бу ҳужумлар “оғир зарба” бўлганини таъкидлаган.

Манба: Sepahnews.ir

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш