Logo

Чонгжу шаҳрида ватандошлар учун ифторлик ташкил этилди

Март 02, 2026. 12:10 • 2 дақ

60
Чонгжу шаҳрида ватандошлар учун ифторлик ташкил этилди
Чонгжу шаҳрида ватандошлар учун ифторлик ташкил этилди
Чонгжу шаҳрида ватандошлар учун ифторлик ташкил этилди
Чонгжу шаҳрида ватандошлар учун ифторлик ташкил этилди

ЧОНГЖУ, 2 март /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз Сеулдаги элчихонаси ташаббуси билан Жанубий Кореянинг Чонгжу шаҳрида ватандошларимиз учун ифторлик дастурхони ёзилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу хайрли тадбир Ўзбекистон Президентининг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилди.

“Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” шиори остида ўтказилган тадбирда юз нафардан ортиқ юртдошларимиз қатнашди.

Ифторлик Кореядаги ўзбекистонликлар уюшмаси, Ўзбекистон Ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Кореядаги ваколатхонаси ҳамда Чонгжу Ислом маркази фаоллари ҳамкорлигидан ташкил қилинди.

Ўзбекистон элчиси Алишер Абдусаломов инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, жамиятда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, эҳтиёжманд қатламларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистондан ташриф буюрган диний соҳа вакили, Наманган вилоятидаги “Мулла Абдуқодир Охунд” масжиди имом-хатиби Музаффар Ибрагимов қатнашиб, маъруза қилди. У Рамазон ойини муносиб тарзда нишонлаш, ифторликларни миллий анъана ва қадриятларимизга мос тарзда ўтказиш, ислом динининг инсонпарварлик, меҳр-мурувват, саховат ва шукроналик ғояларини тарғиб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Имом-хатиб ушбу муқаддас ойда юртимизда амалга оширилаётган хайрли ишларга алоҳида эътибор бериб, эҳтиёжманд оилалар ҳамда мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида сўз юритди. Шунингдек, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатилаётган юксак эътиборни қайд этди.

Ифторлик дўстона ва байрамона руҳда ўтказилди. У ватандошларимиз қалбида Чонгжу шаҳрида ҳам Ўзбекистоннинг меҳр-мурувват ва бирдамлик руҳи сингдирилганини яққол намоён этди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш