Самарқанд ва Япониянинг Нара шаҳри ўртасидаги ҳамкорлик кенгайтирилади
Март 02, 2026. 12:37 • 53 сония
• 31
ТОКИО, 2 март. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Самарқанд шаҳри ҳокими Фазлиддин Умаров ва Нара шаҳри мэри Ген Накагава ўртасида онлайн мулоқот ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда икки қадимий шаҳар ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Мулоқот марказида савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш ҳамда икки ҳудуд ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш масалалари турди. Томонлар яқин истиқболда Самарқанд ва Нара компаниялари иштирокида кенг қамровли онлайн бизнес-форум ўтказиш бўйича муҳим келишувга эришди.
Шунингдек, Самарқанд шаҳри делегациясининг Нарага ташрифини ташкил этиш ва унинг доирасида маданий-гуманитар тадбирларни ўтказиш юзасидан фикр алмашилди. Ушбу ташриф нафақат иқтисодий, балки туризм соҳасидаги алоқаларни ҳам жадаллаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Учрашув якунида Самарқанд ва Нара раҳбарлари эришилган келишувларни изчил амалга ошириш мақсадида мунтазам мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.
Бу каби алоқалар Ипак йўлининг икки муҳим нуқтаси бўлган шаҳарлар ўртасидаги тарихий ришталарни замонавий лойиҳалар билан бойитишга замин яратади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
