Бугун дунёда: Хорижий ОАВ шарҳи қисқа сатрларда
Февраль 09, 2026. 16:25 • 3 дақ
• 19
Эронда Нобель мукофоти соҳибаси 7,5 йилга қамалди
Эронлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва 2023 йилги Нобель тинчлик мукофоти лауреати Наргиз Муҳаммадий 7,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. 53 ёшли Наргиз Муҳаммадий “жиноят содир этиш мақсадида йиғилишларда қатнашиш ва фитна уюштириш” айблови билан 6 йилга, “тарғибот олиб бориш” учун 1,5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бундан ташқари, у озодликка чиққанидан сўнг икки йил давомида мамлакатдан чиқиб кетиш ҳуқуқидан маҳрум этилган.
Манба: Адвокат Мустафо Нили
***
Антониу Жозе Сегуру Португалия президенти этиб сайланди
Сўлларга яқин Социалистик партия (PS) номзоди Антониу Жозе Сегуру Португалия президент сайловларининг иккинчи турида ўта ўнг Chega (“Етар!”) партияси номзоди Андре Вентурани мағлуб этиб, ғалаба қозонди. 63 ёшли Сегуру 66,8 фоиз овоз олган, унинг 43 ёшли рақиби эса қарийб 33,2 фоиз тўплаган.
Манба: RTP
***
Ливанда бино қулаши оқибатида 10 нафарга яқин одам ҳалок бўлди
Ливан шимолидаги Триполи шаҳрида беш қаватли иккита қўшни бино қулаши оқибатида камида 10 нафарга яқин одам ҳалок бўлди, яна бир неча киши жароҳат олган. Ҳодиса шаҳарнинг энг қашшоқ ҳудудларидан бири бўлган Боб ал-Таббане маҳалласида содир бўлган. Ушбу қулаган бино эски бўлган, унда тахминан 22 киши яшаган.
Манба: Al Arabiya
***
Япония ҳукмрон партияси тарихий ғалабага эришди
Японияда ҳукмрон бўлган Либерал-демократик партия (ЛДП) мамлакатнинг илк аёл бош вазири Санаэ Такаичи раҳбарлигида парламентдаги 465 ўриндан 316 тасини қўлга киритди. Бу партия тарихидаги энг яхши натижа бўлди. Бу ҳақда Япониянинг NHK телеканали экзит-поллар маълумотларига таяниб хабар берди.
Манба: Deutsche Welle
***
Нигериядаги аварияда 30 киши ҳалок бўлди
Нигерияда содир бўлган авария оқибатида камида 30 нафар киши ҳалок бўлган, яна кўпчилик жабрланган. Маълумотларга кўра, Гуджунгу шаҳрига йўл олган юк машинаси ҳайдовчининг эҳтиётсизлиги сабаб йўл-транспорт ҳодисасига учраган.
Манба: Daily Post
***
Чехияда ҳам болалар учун ижтимоий тармоқлар тақиқланмоқчи
Чехия бош вазири Андрей Бабиш болаларнинг ижтимоий тармоқларга киришини чеклаш ғоясини қўллаб-қувватлади. У мамлакатни тегишли тақиқ аллақачон муҳокама қилинаётган Франциядан ўрнак олишга чақирди.
Манба: Reuters
***
Жанубий Кореяда ҳарбий вертолёт ҳалокатга учради
Жанубий Кореянинг Кёнгидо провинциясига қарашли Капхён туманида армияга тегишли AH-1C русумли ҳарбий вертолёт қулаб тушди. Агентлик маълумотларига кўра, ҳалокат Сеул шаҳридан 55 километр шимоли-шарқда содир бўлган. Ҳарбий вертолёт бортида икки киши бўлган. Улар оғир тан жароҳатлари олган ва юрак уриши тўхтаган ҳолатда шифохонага етказилган.
Манба: Yonhap
***
Серб Республикасида сайлов: сепаратист Каран ғалаба қозонди
Босния ва Герцеговина таркибига кирувчи Серб Республикасида президент лавозими бўйича қисман қайта сайловлар якунига кўра, ўз лавозимини серб сепаратистлари номзоди – собиқ ички ишлар вазири Синиша Каран сақлаб қолди. У лавозимидан четлатилган Милорад Додикнинг ишончли шахси ҳисобланади. Расмий натижалар эълон қилинишидан олдин Каран ўзини президент деб эълон қилди, унинг рақиби – энг йирик мухолифат партиясидан номзод Бранко Блануш эса мағлубиятни тан олди..
Манба: Deutsche Welle
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
