Logo

Бугун дунёда: Хорижий ОАВ шарҳи қисқа сатрларда

Февраль 10, 2026. 17:20 • 3 дақ

40
Бугун дунёда: Хорижий ОАВ шарҳи қисқа сатрларда

Россияда мигрантларни ишдан бўшатиш қоидалари ўзгартирилади

Жорий йил 1 мартдан бошлаб Россияда мигрантларни ишдан бўшатиш учун асослар рўйхатини кенгайтириш режалаштирилмоқда. Унга кўра, ҳудудий даражада чет эл ишчи кучини жалб этишга чекловлар жорий этилган тақдирда, иш берувчиларга мигрантлар билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилиш ҳуқуқи берилади. Бунгача Россия Меҳнат кодексида хорижий фуқаролар билан меҳнат муносабатларини фақат федерал даражада чекловлар ўрнатилганда тугатишга рухсат берилган.

Манба: ТАСС

***

Ҳонгконгда медиа магнат 20 йилга қамалди

Ҳонгконг суди 78 ёшли медиамагнат ва мухолифатчи Жимми Лайни миллий хавфсизликка қарши жиноятларда айблаб, 20 йилга озодликдан маҳрум қилди. Хитой расмийларининг энг кўзга кўринган танқидчиларидан бири ҳисобланган тадбиркор “хорижий кучлар билан тил бириктириш” ва “низо қўзғатувчи материалларни тарқатиш”да айбдор деб топилган.

Манба: ВВС

***

Қозоғистоннинг янги конституциясида рус тили тўғрисидаги таъриф ўзгартирилади

Янги конституцияда рус тилига берилган таърифдаги “тенг” сўзи “қатори” сўзига алмаштирилади. Яъни “қозоқ тили билан тенг қўлланилади” ўрнига, “қозоқ тили қатори” қўлланилади тарзида ўзгартирилади. Таъкидланишича, бу қозоқ тили – ягона давлат тили, рус тили у билан бирга, лекин тенг мақомга эга бўлмаган ҳолда қўлланилишини англатади.

Манба: РИА Новости

***

Сицилиядаги шаҳар кўчки туфайли жар ёқасига келиб қолди

Италиянинг Сицилия оролидаги Нишеми шаҳри том маънода жар ёқасига келиб қолди. Январь ойида “Гарри” циклони туфайли юз берган кучли ёмғирдан сўнг, шаҳарда кўчки содир бўлди. Оқибатда 1600 нафардан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди, юзлаб бинолар жар ёқасида қолди. Шаҳарда жами 25 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.

Манба: Meduza

***

Кубада самолётлар учун ёнилғи чеклаб қўйилди

Куба ҳукумати 8 февраль куни хорижий авиакомпанияларга мамлакат аэропортларида вақтинча самолётларга ёнилғи қуйиб бўлмаслигини маълум қилди. Чекловлар 9 февралдан кучга кирган бўлиб, март ойи ўрталаригача давом этиши кутилмоқда.

Манба: Deutsche Welle

***

Эрон парламентида АҚШ бўйича ёпиқ мажлис ўтказилди

Эрон Мажлиси сўнгги воқеалар, жумладан музокара жараёни, мамлакатнинг мудофаа қобилияти ва миллий хавфсизлик соҳасидаги вазиятга бағишланган ёпиқ мажлис ўтказди. Мамлакат парламенти матбуот котиби Аббос Гударзининг айтишича, мажлисда Қуролли кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-маёр Абдулраҳим Мусавий ва ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи иштирок этган.

Манба: Меhr

***

ПекинТошкент йўналишида сайёҳлик поезди йўлга қўйилади

Буюк Британиянинг “Golden Eagle Luxury Trains” туроператори “Поездда Буюк Ипак йўли” номли янги темир йўл турини ишга туширганини эълон қилди. Йўналиш 22 кунга мўлжалланган бўлиб, бешта давлат – Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудидан қамраб олади. Йўлнинг умумий узунлиги 3862 километрни ташкил этади. Саёҳат Пекиндан бошланиб, Тошкентда якунланади.

Манба: Travel And Tour World

***

Афғонистонда аёллар ҳуқуқини кескин чекловчи янги кодекс қабул қилинди

Афғонистонда “Толибон” муваққат ҳукумати аёллар ҳуқуқларини кескин чекловчи янги Жиноят кодексини расман қабул қилди. Маълум қилинишича, бу ҳужжат ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро ҳамжамиятнинг кескин норозилигига сабаб бўлган.

Манба: The Sunday Guardian

Default Avatar

Материал муаллифи

Shahzoda Kuchkarova

shahzoda@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш