Logo

Ўзбекистон ва Иордания таълим соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтармоқда

Сентябрь 21, 2025. 19:40 • 50 сония

1349
Ўзбекистон ва Иордания таълим соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтармоқда

ТОШКЕНТ, 21 сентябрь. /"Дунё" АА/. 20 сентябрь куни Аммон шаҳрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев Иордания Олий таълим ва илмий тадқиқотлар вазирининг биринчи ўринбосари, Олий таълим кенгаши директори Шади Ал-Масаъдеҳ билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

ТИВ маълумотига кўра, суҳбат чоғида Иордания Подшоҳи Абдуллоҳ II ибн ал-Ҳусайннинг жорий йил август ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи якунлари бўйича имзоланган "Йўл харитаси"да белгиланган вазифаларни биргаликда амалга ошириш юзасидан аниқ келишиб олинди.

Икки мамлакат ўртасидаги таълим ва фан соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди. Хусусан, олий таълим муассасалари ўртасида талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, илмий-тадқиқот йўналишларида қўшма дастурларни амалга ошириш ҳамда академик ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга тайёр эканликларини таъкидладилар.

Учрашувда шунингдек, Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов иштирок этди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш