Logo

Ҳиндистондаги ватандошимизга «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони топширилди

Октябрь 27, 2023. 07:53 • 2 дақ

1770
Ҳиндистондаги ватандошимизга «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони топширилди

ДЕҲЛИ, 27 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчихонасида Ҳиндистонда истиқомат қиладиган ватандошимиз Мафратхон Бобохўжаевага «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишонини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, мазкур кўкрак нишони  билан юртимизда яшаётган барча миллат ва элатларнинг вакиллари ўртасида миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитининг мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшган, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш борасида фидокорона меҳнат қилган шахслар, шунингдек, хорижий мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорликни ривожлантиришда самарали натижаларга эришган маҳаллий ва хорижий давлат органлари ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда чет элдаги ватандошлар тақдирланади.


- Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларни хорижда яшаётган бўлсак-да катта қизиқиш билан кузатиб бораяпмиз, ушбу янгиланиш жараёнида фаол қатнашишга ҳаракат қилаяпмиз, - деди Мафратхон Бобохўжаева. - Янги Ўзбекистондаги ўзгаришлар кўлами ниҳоятда катта, лекин, энг муҳими, ушбу ислоҳотларнинг марказида инсон қадри турганини биз, хориждаги ватандошлар қалбан ҳис қилаяпмиз. Бугун менга топширилган юксак мукофот ҳам бунинг ёрқин ифодасидир. Ватан олдидаги арзимаган меҳнатимнинг эътирофи менга янада катта куч ва ғайрат бағишламоқда.


Мафратхон Бобохўжаева ҳинд тили бўйича етук мутахассис ҳисобланади. У қарийб 25 йилдан буён мамлакатимизнинг Деҳли шаҳридаги дипломатик миссиясида маҳаллий ходим сифатида Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳамкорлигини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш