Logo

Бурсада Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги нишонланди

Апрель 10, 2026. 18:08 • 2 дақ

39
Бурсада Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги нишонланди

БУРСА, 10 апрель. /“Дунё” АА/. Туркиянинг Бурса Улудаг университетида (BUÜ) Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва маданияти маркази ҳамда Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси ҳамкорлигида “Ўзбекистон маданияти ва туризми куни” ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тантанали тадбир буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланди. Анжуман иштирокчилари Соҳибқирон меросининг туркий халқлар бирдамлигидаги стратегик ўрнини алоҳида эътироф этди.

Тадбирда сўзга чиққан марказ раҳбари Сурайё Хўжаева 2026 йил туркий дунё учун муҳим палла бўлишини таъкидлаб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур туғилган она тупроқ — Андижон шаҳри “2026 йилги Туркий дунё маданият пойтахти” этиб белгиланганини мамнуният билан қайд этди.

Ўзбекистон элчихонаси дипломати Рустам Нарбаев Туркияда таълим олаётган ўзбекистонлик ёшларни нафақат талаба, балки икки давлат ўртасидаги маданият элчилар деб атади. Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шериклик энг юқори босқичга кўтарилгани, Бухоро, Самарқанд ва Хива каби шаҳарларнинг меъморий жозибасини ўзида жамлаган Ислом цивилизацияси маркази каби йирик лойиҳалар туркий халқларнинг умумий ифтихори экани таъкидланди.

Тадбирнинг амалий қисмида икки мамлакат ўртасидаги туризм ва академик ҳамкорлик изчил ривожланаётгани қайд этилди. Хусусан, Бурсадан Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжоларига сайёҳлар оқими сезиларли даражада ошгани, университетлар ўртасидаги онлайн тил курслари ва талабалар алмашинуви янги имкониятлар эшигини очаётгани айтиб ўтилди.

Байрам дастури Ўзбекистон Президентининг маданий меросга бағишланган нутқи акс этган видеороликлар намойиши билан давом этди. Тадбир якунида ўрнатилган анъанавий ўзбек чодирида меҳмонларга машҳур ўзбек палови тортиқ қилинди. Ушбу маданий кеча Ўзбекистоннинг бой сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ва қардош халқлар ўртасидаги маънавий кўприкларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш