Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистонда 2025 йил якуни бўйича камбағаллик даражаси ва аҳоли даромадлари таҳлилини тақдим этди
Декабрь 31, 2025. 13:33 • 4 дақ
• 245ТОШКЕНТ, 31 декабрь. /“Дунё” АА/. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистонда 2025 йил якунлари бўйича камбағаллик даражаси ва аҳоли даромадлари таҳлилини тақдим этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Таҳлил Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси томонидан Жаҳон банки билан ҳамкорликда ўтказилган тадқиқот натижалари асосида тайёрланди.
Унга кўра, Ўзбекистонда 2025 йил якунлари бўйича камбағаллик даражаси 3,1 фоиз пунктга қисқариб, 5,8 фоизни ташкил этди. 2023 йилда республикада камбағаллик даражаси 14 фоиздан 11 фоизга, 2024 йилда 8,9 фоизга, 2025 йилда эса 5,8 фоизгача қисқарди. Натижада жорий йилда эҳтиёжманд 302 минг оила камбағалликдан чиқарилди.
Республиканинг барча ҳудудларида камбағаллик даражасининг қисқариши қайд этилди. Энг юқори натижалар Жиззах (11,8%дан 5,8%гача пасайиш), Хоразм (11,9%дан 6,7%гача), Сирдарё (11,3%дан 6,2%гача) вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси (10,8%дан 6,6%гача) ҳамда Тошкент шаҳрида (7,3%дан 3,5%гача) кузатилди.
Камбағаллик даражаси шаҳарларда кўпроқ қисқариб, 5,2%ни (2024 йилда 8,6%) ташкил этган бўлса, қишлоқ ҳудудларида 6,4%ни (2024 йилда 9,2%) ташкил этди.
Ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда республикада камбағал аҳоли сони 2,2 миллион нафарни ташкил қилади. Ҳудудлар кесимида камбағаллар сони энг кўп Самарқанд (265 минг нафар), Фарғона (239 минг нафар), Қашқадарё (238 минг нафар) ва Андижон (214 минг нафар) вилоятларига тўғри келмоқда.
Мамлакатда аҳоли даромадлари таркиби таҳлили ижобий ўзгаришларни намоён этмоқда. Даромадларнинг асосий манбалари меҳнатдан олинган даромадлар, ижтимоий тўловлар, пенсиялар ва қишлоқ хўжалигидан олинган даромадларга тўғри келмоқда.
Аҳоли жон бошига ўртача ойлик даромадлар 2,6 млн сўмни ташкил этиб, унинг таркибида меҳнат фаолиятидан олинган даромадлар – 72,6% (2024 йилда – 67,7%), кексалик пенсияси – 11,8% (12,2%), қишлоқ хўжалиги – 10,1% (12,7%), ижтимоий ёрдам – 1,6% (2,2%) ва бошқа даромадлар – 3,9% га (5,2%) тенг бўлди.
Умуман олганда, уй хўжаликларининг трансфертларга қарамлигининг пасайиши ва бандлик даромадлари ролининг ошиши кузатилмоқда.
Мамлакатда “Хитой тажрибаси” асосида Янги ёндашувларнинг амалиётга жорий этилиши (17.01.2025 йилдаги ПҚ-12 – сон қарорга мувофиқ) юқори даромадли иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартиришда муҳим омил бўлди.
Жумладан, жорий йилда:
- экспортчи корхоналар иштирокида “Компания – кооператив – деҳқон хўжалиги” тамойили асосида 484 та кооператив ташкил этилиб, уларга 15,7 минг нафар камбағал оила аъзолари жалб қилинди;
- ўрмон фонди ерларидан 8,7 мингта камбағал оилага кўчатхона ташкил этиш ва доривор ўсимликлар етиштириш учун 21 минг гектар ер майдони ижара асосида ажратиб берилди;
- 2,3 мингта камбағал оилаларга ўзи етиштирган маҳсулотини сотиш учун деҳқон бозорлари ва супермаркетлардан 7,5 минг кв.м. махсус савдо жойлари ажратилди;
- 12 та янги “туризм маҳаллалари”ни ташкил этиш ҳамда 40 та маҳаллада туризм хизматларини ривожлантириш орқали 1,3 минг нафар камбағал оила аъзолари бандлиги таъминланди.
Шунингдек, Сайхунобод тажрибаси бўйича маҳаллаларда қиймати 18 трлн сўмлик 394 мингдан ортиқ микролойиҳалар амалга оширилиб, бу орқали республикада жами 809 минг кишининг бандлиги таъминланди.
2025 йилнинг 11 ойида тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун 127,1 триллион сўм кредит ажратилди. Бу маблағнинг 27,7 трлн сўми тадбиркорлик дастурларига, жумладан, 4 трлн сўм “Оилавий тадбиркорлик”, 6,6 трлн сўм “Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш”, 4,4 трлн сўм “Бизнесга биринчи қадам” ва 13 трлн сўм “Маҳалла лойиҳаси”га йўналтирилган.
Мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий сиёсат натижасида аҳоли даромадлари ўртасидаги тенгсизликнинг сезиларли қисқариши кузатилмоқда. Хусусан, аҳолининг энг юқори (1-квинтил) ва энг кам (5-квинтил) даромадга эга гуруҳлари ўртасидаги тафовут 2024 йилдаги 6,3 баравардан 5,7 бараваргача қисқарди.
Ушбу ижобий динамика аҳолининг кам таъминланган қатлами даромадларининг юқори суръатларда ўсиши ҳисобига таъминланди. Таҳлилларга кўра, энг кам таъминланган гуруҳ даромадлари 26%га ошган, бой қатлам даромадлари эса 13%га ошган.
Даромадлар тенгсизлигини ифодаловчи Жини коэффициенти 2024 йилдаги 0,35дан 2025 йилда 0,33га пасайган. Жини коэффициентининг камайиши асосан Тошкент шаҳри – 0,26 (2024 й. – 0,32), Сирдарё вилояти – 0,28 (0,32) ва Қорақалпоғистон Республикасида – 0,28 (0,32) кузатилди.
Ўзбекистонда камбағаллик даражасини баҳолаш 2020 йилдан буён доимий асосда ўтказиб келинмоқда ва аҳоли турмуш даражаси, яшаш шароити ва сифати тўғрисидаги муҳим маълумот манбаи бўлиб хизмат қилади, шунингдек, мамлакатдаги монетар камбағаллик даражасини баҳолашнинг ягона ахборот манбаи ҳисобланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

