Logo

Россиядан муносабат: Ўзбекистон яқин йилларда даромади ўртачадан юқори бўлган мамлакатлар қаторига киришни мақсад қилган

Декабрь 31, 2025. 21:14 • 2 дақ

54
Россиядан муносабат: Ўзбекистон яқин йилларда даромади ўртачадан юқори бўлган мамлакатлар қаторига киришни мақсад қилган

МОСКВА, 1 январь. /“Дунё” АА/. Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институти марказ раҳбари Эдуард Соловёв Ўзбекистон Президентининг парламент ва халққа йўллаган Мурожаатномаси ҳақида фикр билдирди:

– Ўзбекистон Президентининг Мурожаатномаси мамлакатда ислоҳотларни давом эттириш ва кенгайтириш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани модернизация қилиш, транспортни ривожлантириш тенденциясини яққол намойиш этади. Умуман олганда, ушбу мурожаат мамлакат раҳбариятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг мавжуд ютуқлари асосида келажакка ишонч билан қарашини кўрсатади.

Мамлакат иқтисодиёти ўтган 9 йилда янги сифат касб этди. Бу ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши, хорижий инвестицияларнинг кўпайиши, янги саноат тармоқларининг очилиши, транспорт-логистика инфратузилмасининг жадал ривожланиши, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг сезиларли даражада ўсишида намоён бўлди.

Энг муҳим ижтимоий белгилар – ишсизлик даражасининг пасайиши (4,9 фоиз) ва камбағаллик даражасининг пастга тушишида (5,8 фоиз) акс этди. Ислоҳотлар бошланган пайтда камбағаллик даражаси 30 фоиздан ошганини эсласак, бу жуда катта олдинга силжишдир.

Мамлакат ички бозорини кенгайтираётган бу ҳолат ички бозорда талабни рағбатлантириш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш учун замин яратади. Мурожаатномада яқин йилларда даромади ўртачадан юқори бўлган мамлакатлар қаторига кириш ҳамда иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш каби улкан мақсадлар қўйилганига гувоҳ бўламиз.

Ихтисослаштирилган касбий тайёргарлик тузилмаларини ривожлантириш ва меҳнат бозорининг янги архитектурасини шакллантириш муҳим устувор йўналишлар қаторига киради.

Аҳолиси тез ўсиб бораётган ва яхши касб-ҳунар таълимига муҳтож ёшлар сони кўп бўлган Ўзбекистон учун ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини модернизация қилиш, хорижий инвесторларни жалб қилган ҳолда бутун мамлакат бўйлаб техникумлар тармоғини кенгайтириш, олий таълим тизимининг иш сифатини ошириш муҳим устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Бу мамлакат раҳбариятининг нафақат таълим соҳаси, балки ёшлар сиёсати масалаларига ҳам доимий эътиборини яққол кўрсатади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш