Чузуру Аоки: Ўзбекистон Президентининг “яшил” тараққиёт бўйича ташаббуслари минтақавий экологик ҳамкорлик учун янги имкониятлар очмоқда

Ноябрь 13, 2026. 12:00 • 2 дақ

• 24
Чузуру Аоки: Ўзбекистон Президентининг “яшил” тараққиёт бўйича ташаббуслари минтақавий экологик ҳамкорлик учун янги имкониятлар очмоқда

АНТАЛИЯ, 13 ноябрь. /“Дунё” АА/. Глобал экологик жамғарма (ГЭЖ)нинг Конвенциялар ва фондлар бўлими менежери Чузуру Аоки “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 10–11 ноябрь кунлари Анталия шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг иқлим бўйича Жаҳон етакчилари саммитидаги иштироки ҳақида ўз фикрларини билдирди:

– Биз Ўзбекистон билан муносабатлардан ғоят мамнунмиз. Бу мамлакат Глобал экологик жамғарма учун жуда муҳим ҳамкордир. Ўзбекистон ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиладиган ҳамда жамғарма ҳамкорлигидаги барча иштирокчи давлатларни бирлаштирадиган ГЭЖ Ассамблеясига мезбонлик қилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон жамғарма фаолиятига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда ва биз ушбу шерикликни юксак қадрлаймиз.

Амалга оширилаётган ташаббуслардан бири Ўзбекистон олдида турган иқлим ўзгариши билан боғлиқ асосий масалаларни ҳал қилиш, жумладан, зарарли ташламаларни камайтириш, сув ресурслари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш ҳамда фермерлар фойдаланадиган ерларнинг унумдорлиги ва барқарорлигини оширишга қаратилган. Бунинг учун қўшимча молиявий ресурсларни жалб этиш, маҳаллий тадбиркорлар, ЕТТБ ва бошқа халқаро ҳамкорлар билан биргаликда ишлаш кўзда тутилган.

Мазкур ташаббус доирасида грант маблағларини ажратиш ва истиқболли лойиҳалар учун қўшимча ресурсларни жалб қилишга кўмаклашиш орқали Ўзбекистон ҳукумати ҳамда унинг ҳамкорларини қўллаб-қувватлаш имконига эга бўлганимиздан мамнунмиз.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон Президенти ўз ташаббусларида иссиқхона газлари ташламаларини қисқартириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ердан барқарор фойдаланиш ва фермерларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Шу нуқтаи назардан, қўшни давлатлар ўртасидаги шериклик ва ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Зеро, Марказий Осиё давлатлари умумий экологик устуворликлар ва ўхшаш иқтисодий муаммоларга дуч келмоқда.

Минтақа давлатларининг “яшил” кун тартиби йўлида биргаликда саъй-ҳаракат олиб бориши истиқболли стратегик ташаббус ҳисобланади. Биз Ўзбекистон Президентининг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликни кучайтириш мақсадида иқлим жамғармалари имкониятларини бирлаштириш истиқболларини муҳокама қилдик.

Мақсадимиз – минтақанинг иқлим ва экологик устувор вазифаларини рўёбга чиқариш учун қўшимча ресурсларни сафарбар этишдан иборат.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш