Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқароларнинг ўзаро қатновини енгиллаштириш ҳамда чегаралардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш масалаларини муҳокама қилмоқда

Ноябрь 13, 2026. 11:30 • 2 дақ

• 24
Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқароларнинг ўзаро қатновини енгиллаштириш ҳамда чегаралардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш масалаларини муҳокама қилмоқда

ТОШКЕНТ, 13 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев Қозоғистоннинг юртимиздаги элчиси Ерали Туғжанов билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

ТИВ маълумотига кўра, музокаралар давомида Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ўзаро қатновини енгиллаштириш ҳамда давлат чегараларини кесиб ўтишдаги тўсиқларни бартараф этиш борасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, ўзаро сафарлар тартибини соддалаштириш, жумладан, давлат чегарасидан ID-карта орқали ўтиш имконияти юзасидан фикр алмашилди. Қозоғистон томонидан жорий этилаётган “QazETA” электрон кириш рухсатномаси тизими доирасида Ўзбекистон фуқароларига муайян преференциялар (имтиёзлар) бериш имкониятига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқароларини Қозоғистонда ташкилий тартибда ишга жойлаштириш, тегишли шартномавий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва ҳар икки мамлакат ҳудудида фуқароларнинг бўлиб туриши учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув якунида томонлар конструктив мулоқотни давом эттириш ҳамда белгиланган йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

“Дунё” АА олган сурат

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш