Даниэль Кристиан Чобану: Руминия Ўзбекистон билан муносабатларини юксак қадрлайди
Октябрь 06, 2026. 20:55 • 2 дақ
• 46
ТОШКЕНТ, 6 октябрь. /“Дунё” АА/. Руминиянинг мамлакатимиздаги элчиси Даниэль Кристиан Чобану Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 31 йиллиги муносабати билан “Дунё” АА орқали қутлов мактуби йўллади:
– 2026 йил 6 октябрь куни Руминия ва Ўзбекистон дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 31 йиллиги нишонланди. Ушбу қутлуғ сана муносабати билан самимий табрикларимни қабул қилгайсиз.
Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик келгусида ҳам равнақ топиши, ривожланиши ва янада мустаҳкамланишини тилайман.
Руминия Ўзбекистон билан муносабатларини юксак қадрлайди ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорлик янада мустаҳкамланишига умид билдиради.
Ўзбекистон мамлакатимизнинг Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкори ҳисобланади. Руминия Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг кенгайиши, минтақавий барқарорлик ҳамда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи, умумий манфаатларга мос янги лойиҳаларни илгари суришни фаол қўллаб-қувватлайди.
2020–2025 йиллар оралиғида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 377 фоиздан зиёдга ошгани (Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра) ҳамда 2025 йил ўзаро савдо кўрсаткичлари бўйича Руминия–Ўзбекистон муносабатлари тарихидаги энг яхши йиллардан бири бўлганидан мамнунман.
2026 йил март ойида Руминия ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида видеоконференцалоқа шаклида илк икки томонлама консуллик маслаҳатлашувларининг ўтказилиши муносабатларимизда алоҳида муҳим воқеа бўлди. Сенатор Елена-Аделина Добранинг Парламентлараро иттифоқ ёш парламентарийларининг XII Бутунжаҳон конференциясида иштирок этиш учун 2026 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга ташрифи парламентлараро ҳамкорлик соҳасидаги муҳим воқеликка айланди.
Мен келажакка катта умид билан қарайман. Ўзбекистон Президентининг фармони билан таъсис этилган “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонига сазовор бўлиш мен учун юксак шарафдир.
Мазкур мукофотни юксак ишонч ифодаси ҳамда келгуси самарали ҳамкорлик йўлидаги улкан рағбат деб биламан. Ўзбекистон томонига самарали ҳамкорлик учун самимий миннатдорлигим ва чуқур эҳтиромимни билдираман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси