Ўзбекистон ва Австрия музей коллекцияларини реставрация қилиш ва рақамлаштириш соҳасида ҳамкорликни ривожлантирмоқда
Октябрь 06, 2026. 19:31 • 2 дақ
• 100
ВЕНА, 6 октябрь. /“Дунё” АА/. Австрия пойтахтида Ўзбекистон Табиат давлат музейи директори Азимжон Расуловнинг Вена табиий тарих музейи бош директори ва илмий раҳбари, доктор Катрин Воланд билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Австрия ўртасида музей соҳасида амалий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, табиий ва илмий меросни асраб-авайлаш, музей ашёларини реставрация қилиш, коллекцияларни рақамлаштириш, замонавий технологияларни жорий этиш, тажриба алмашиш ҳамда мутахассисларнинг малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси Вена табиий тарих музейи фаолияти, унинг экспозициялари, илмий коллекциялари ҳамда табиий объектларни сақлаш, ҳужжатлаштириш, тадқиқ этиш ва реставрация қилишга оид илғор ёндашувлар билан танишилди.
Учрашувда музей ашёларини реставрация қилиш ва уларни сақлаш шароитларини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама марказида бўлди. Томонлар коллекцияларнинг ҳолатини баҳолаш, илмий ҳужжатлаштириш, реставрация ва уларни узоқ муддат сақлашнинг замонавий усулларини жорий этишда австриялик мутахассислар тажрибасини ўрганиш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Музокаралар якунида томонлар мулоқотларни давом эттириш ҳамда Ўзбекистон ва Австриянинг соҳавий музей ҳамда илмий муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш орқали ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилаб олишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси