Жиззахда “BMB ZA’FARON” плантациялари майдони 900 гектарга етди
Октябрь 06, 2026. 19:24 • 3 дақ
• 314ЎСМАТ, 6 октябрь. /“Дунё” АА/. Жиззах вилоятининг Бахмал туманида италиялик ҳамкорлар иштирокида амалга оширилаётган “BMB ZA’FARON” лойиҳаси доирасида заъфарон плантацияларини кенгайтириш ишлари давом этмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Навбатдаги босқич доирасида плантациялар майдони 820 гектардан 900 гектаргача кенгайтирилди.
Лойиҳа Италиянинг “FIN.OPERA SRL” компанияси билан ҳамкорликда ҳамда “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг кредит маблағлари жалб этилган ҳолда амалга оширилмоқда. Унинг умумий қиймати 120 миллион еврони ташкил этиб, шундан 70 миллион евроси тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир. Ҳозирги кунга қадар 91,7 миллион евро ўзлаштирилди.
“BMB HOLDING” таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов “Дунё” АА мухбирига берган интервьюсида лойиҳанинг энг асосий натижаларидан бири мамлакатимизда шахсий уруғлик (пиёзбош) базаси шакллантирилгани бўлганини таъкидлади.
“Биз аввал пиёзбошларни четдан келтириб, маҳаллий иқлим шароитига мослаштирдик. Айни пайтда бевосита Ўзбекистонда етиштирилган пиёзбошлардан фойдаланяпмиз. Бу нафақат импортдан бутунлай воз кечиш, балки четга заъфарон ва унинг ниҳолларини ҳам экспорт қилиш имконини бермоқда”, – деди Бекзод Маматқулов.
Унинг сўзларига кўра, Бахмал туманида ташкил этилган 900 гектарлик плантация яхлит битта ҳудудда жойлашгани бўйича дунёдаги энг йирикларидан бири ҳисобланади. Келгусида компания плантациялар майдонини 2 минг гектарга етказишни режалаштирмоқда.
“BMB HOLDING”нинг италиялик ҳамкори ва инвестори, “HT HOLDING” президенти Роберто Туччи ушбу ҳамкорлик ишлаб чиқаришнинг тўлиқ маҳаллийлаштирилган усулини яратиш имконини берганини қайд этди.
“Биз дастлаб пиёзбошларни импорт қилишдан бошлаган эдик. Бугун Ўзбекистонда фақатгина маҳаллий пиёзбошлардан фойдаланилмоқда. Экин еридан тортиб пиёзбошгача, заъфарон гулидан тайёр маҳсулотгача – барчаси Ўзбекистоннинг ўзида етиштирилиб, ишлаб чиқарилмоқда”, – деди у.
Роберто Туччининг сўзларига кўра, плантацияларни 900 гектардан 2 минг гектаргача кенгайтириш ишлари тўлиқ маҳаллий пиёзбошлар ҳисобидан амалга оширилади. У янги иш ўринлари яратиш ва Жиззах вилоятини ривожлантиришга хизмат қиладиган янги қўшма лойиҳаларнинг амалга ошишига ишонч билдирди.
Бугунги кунда Ўзбекистон заъфарони ва унинг асосидаги 20 дан ортиқ турдаги маҳсулот “ORO ROSSO Milano” бренди остида Италия, Австрия, Нидерландия, Франция, АҚШ, Тожикистон, Саудия Арабистони ва бошқа мамлакатларга экспорт қилинмоқда. 2025 йилда экспорт ҳажми 10,2 миллион еврони ташкил этди. 2026 йил охирига бориб, бу кўрсаткични 12 миллион еврога етказиш режалаштирилган.
Маҳсулотлар “USDA Organic” сертификати ва Хитой бозорига экспорт қилиш учун зарур рухсатномаларга эга. Лойиҳа доирасида 30 мингга яқин маҳаллий аҳоли мавсумий иш билан таъминланган, 500 нафардан ортиқ фуқаро эса доимий иш ўрнига эга бўлди.
Белгиланган режаларга мувофиқ, заъфарон плантациялари майдонини 2027 йилгача 2 минг гектарга етказиш кўзда тутилган. Ишлаб чиқаришни маҳаллий пиёзбошлар ҳисобига кенгайтириш маҳаллийлаштириш даражасини юксалтириш, импорт қилинадиган экиш материалларига қарамликни камайтириш ҳамда соҳанинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш имконини беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




