Дания мактабларида сунъий интеллектдан фойдаланиш устидан назорат кучайтирилмоқда

Август 08, 2026. 12:00 • 2 дақ

25
Дания мактабларида сунъий интеллектдан фойдаланиш устидан назорат кучайтирилмоқда

ТОШКЕНТ, 8 август. /“Дунё” АА/. Янги ўқув йилидан бошлаб Данияда мактаб ўқувчиларига уй вазифаларини оғзаки ҳимоя қилиш талаби жорий этилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Германиянинг “Bild” газетаси маълумотига кўра, бундай чоралар ўқувчилар томонидан сунъий интеллектдан топшириқларни бажаришда ҳаддан ташқари кўп фойдаланилаётгани билан боғлиқ.

Маълум қилинишича, ўқувчиларнинг ёзма топшириқларни бажаришда сунъий интеллектдан кенг фойдаланаётгани Дания Таълим вазирлигини янги тартиб жорий этишга ундаган. Унга кўра, ўқувчилар уй вазифаларини ёзма шаклда бажариш билан бирга, уларнинг мазмунини оғзаки тушунтириб беришлари лозим бўлади. Бу ўқитувчиларга ўқувчининг мавзуни қай даражада ўзлаштиргани ва ишни мустақил бажарганини баҳолаш имконини беради.

Дания таълим вазири Магнус Хойнике сўзларига кўра, янги тартиб таътилдан кейин кучга киради. Дастлаб мазкур талаб юқори синф ўқувчиларига нисбатан қўлланилади.

Шунингдек, вазирлик имтиҳонлар жараёнида назоратни кучайтиришни режалаштирмоқда. Хусусан, мактаб компьютерларига ўқувчилар топшириқларни бажаришда қайси рақамли воситалардан фойдаланаётганини назорат қилиш имконини берувчи махсус дастурий таъминот ўрнатилиши кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, мактабларда бевосита бажариладиган ёзма назорат ишлари сонини кўпайтириш режалаштирилган. Бу орқали ўқувчиларнинг саволларга мустақил жавоб бериши ва ўзлаштирган билимларини амалда намоён этишига янада аниқ баҳо бериш мумкин бўлади.

Вазирнинг таъкидлашича, кўрилаётган чоралар сунъий интеллектдан ҳаддан ташқари фойдаланиш ўқувчиларнинг билим ва кўникмалари, касбий тайёргарлиги, энг муҳими, мустақил фикрлаш қобилиятига салбий таъсир кўрсатишининг олдини олишга қаратилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш