Сиэтлда сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш соҳасида Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлиги истиқболлари муҳокама қилинди
Август 08, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 11
СИЭТЛ, 8 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон бош консули Аҳрор Бурханов “Oracle Corporation” компанияси вице-президенти Жан Чиан билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида сунъий интеллект, замонавий технологиялар ва инсон капиталини ривожлантириш масалалари бўйича фикр алмашилди. Томонлар “Oracle” ва ўзбек ишбилармонлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.
“Oracle” вакили Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакат иқтисодиётининг ўсиш суръатлари, инвестиция муҳити ҳамда IT соҳасига катта қизиқиш билдирди.
Ўзбекистон аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этиши ва уларнинг замонавий касбларни эгаллашига эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди. Суҳбат чоғида “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси, “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” ташаббуси, IT-мутахассислар тайёрлаш, технологик стартапларни ривожлантириш ҳамда мамлакатни Марказий Осиёнинг рақамли инновациялар марказига айлантириш бўйича саъй-ҳаракатлар хусусида алоҳида сўз юритилди.
Суҳбатдош Ўзбекистонда қисқа давр мобайнида амалга оширилган ўзгаришларни юқори баҳолади. Унинг фикрича, ёш ва билим олишга интилаётган аҳоли, изчил ислоҳотлар, давлат раҳбариятининг сиёсий иродаси Ўзбекистонни халқаро технологик компаниялар учун истиқболли ҳамкорга айлантирмоқда.
Учрашувда сунъий интеллектдан унумли фойдаланиш, маҳаллий мутахассислар малакасини ошириш, стартапларни қўллаб-қувватлаш, замонавий ҳисоблаш инфратузилмасини ривожлантириш, робототехника соҳасидаги халқаро алоқаларни кенгайтириш имкониятлари атрофлича кўриб чиқилди.
Томонлар Ўзбекистон ва “Oracle” ўртасида эришилган келишувларни янада бойитиш ҳамда манфаатдор ташкилотлар ўртасидаги мулоқотни давом эттиришга келишиб олди. Жан Чиан Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришларни яқиндан ўрганишга қизиқиш билдирди ва мамлакатга ташриф буюриш нияти борлигини таъкидлади.
1977 йилда АҚШда ташкил этилган “Oracle Corporation” маълумотлар базалари, сунъий интеллект ва корпоратив дастурий ечимлар бўйича дунёнинг етакчи технологик компанияларидан биридир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси